Андижонда

15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни: ҚИШЛОҚ АЁЛИ


15.10.2022   629

Тонг отмайин қуёшданда эрта турар,

Енг шимариб сигир соғар, ҳамир қорар.

Ризқ аталмиш тандирига олов ёқиб,

Сават-сават сомса ёпар, нонлар ёпар.

Қилар иши чин дилдан, йўқдир малоли,

Қишлоқ аёлидир бу, қишлоқ аёли.


Сўзласалар сўзларидан ёғар дурлар,

Офтоб қорайтирган юздан балқар нурлар,

Соддаликлар бўлса бордир, сохталик йўқ,

Борлигига ҳавас қилар кўкда ҳурлар.

Бахтлиларнинг энг бахтлиси улар ёри,

Қишлоқ аёлидир бу, қишлоқ аёли.


Меҳнат қилар меҳнатдан қочмагай бешак,

Сояларда гап сотишлик улар-чун эртак.

Боласини солиб қўйиб беланчакка,

Даласида пахта терар этак-этак.

Кечки овқат тайёрлашда бор ҳаёли...

Қишлоқ аёлидир бу, қишлоқ аёли.


Меҳнат билан шом бўлади кун етмай қолар,

Дарс қилдирар, кирлар ювар тун етмай қолар.

Барчасини адо этиб кўзи илингач,

Туш кўрмайин яна янги тонг отиб қолар.

Яна бошдан бошланади юмушлар бари,

Қишлоқ аёлидир бу, қишлоқ аёли.


Ажин босган юзларида ҳаёт ҳикмати,

Қадоқ қўлларида турмуш бор ҳақиқати.

Яхши турмуш ўртоқдир, ҳам мунис она,

Тоғни талқон қилмоққа етар журъати.

Оилага фидодир жонию бори,

Қишлоқ аёлидир бу, қишлоқ аёли.

Равшан ҲАМРОЗ.