Атрофга назар

2022 ЙИЛГИ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ


17.02.2022   260

Халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган, она табиат ва одамлар руҳиятида юз берадиган яшариш, янгиланиш ва юксалишларни асрлар давомида тўла намоён қилиб келаётган Наврўзи олам энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири ҳисобланади. Ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган борлиқни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш, меҳр-оқибат, хайру саховат, бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик сингари юксак ғоялар бугунги кунда янада теран мазмун ва аҳамият касб этиб бораётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, инсон қадрини улуғлашдек буюк мақсадларни амалга оширишга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жараёнида барча миллий қадриятларимиз қатори Наврўз умумхалқ байрами ҳам ўзига хос маънавий таянч бўлиб хизмат қилмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимиз ўзининг ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини тобора чуқур англаб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида Наврўз том маънода умумхалқ байрамига айланиб, эл-юртимиз томонидан катта шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. Халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарафидан халқаро байрам сифатида эътироф этилган Наврўзи оламнинг ана шундай беқиёс аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда ушбу айёмни мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда, ҳар томонлама юксак савияда ўтказиш мақсадида: 1. 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонлансин. 2. Қуйидагилар: 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таркиби 1-иловага мувофиқ; 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрамини ўтказиш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Ташкилий қўмита (А.Н. Арипов) “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Наврўз умумхалқ байрамининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда умумхалқ сайиллари шаклида кенг нишонланишини таъминласин. 3. Жойларда Наврўз умумхалқ байрамини юқори савияда ўтказиш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин: Наврўз кунларида инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор яққол ўз ифодасини топишини акс эттирадиган, атроф-муҳитни, унинг неъматларини асраб-авайлаш, бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш; сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг тарзда, таъсирчан усулларда ифода этиш; Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” мажмуасида алоҳида дастурлар асосида халқ сайилларини ташкил этиш; байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийлари, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама эъзозлаш, Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари тарбияланувчилари, Саховат уйларида яшаётганлар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш; мамлакатимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни уюштириш, Наврўз умумхалқ байрами арафасида республикамизнинг барча ҳудудларида, ҳар бир кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга қаратилган умумхалқ ҳашарларини ўтказиш; миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижалари, юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг Наврўз умумхалқ байрамини нишонлашга оид урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш этиш; байрам тадбирлари бўлиб ўтадиган жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш, китоб расталари, кўчма савдо дўконларини ташкил қилиш, кўклам таомларини тайёрлаш ва уларнинг савдосини йўлга қўйиш; барча шаҳар ва қишлоқларда ўтказиладиган байрам тадбирларида, оммавий ахборот воситаларида Наврўз байрамининг тарихи, ҳар бир ҳудуд аҳолиси ўртасида уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналарнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритиш. 4. Маданият вазирлиги (О.А. Назарбеков): Республика Маънавият ва маърифат маркази (М.М. Ходжиматов) ва Ёзувчилар уюшмаси (С.С.Саидов) билан биргаликда бир ҳафта муддатда Тошкент шаҳрида Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказиладиган театрлаштирилган концерт томошасининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқсин; концерт томошасини тажрибали сценарист ва режиссёрлар, бастакорлар, балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, фольклор санъати вакиллари билан биргаликда юқори бадиий савияда тайёрлаш чораларини кўрсин. 5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари: а) бир ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Наврўз умумхалқ сайилларини ўтказиш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин: Наврўз умумхалқ сайиллари ўтказиладиган асосий майдонлар, хиёбонлар ва кўчаларни белгилаш, уларни миллий услубда байрамона безатиш ҳамда саҳналарни ўрнатиш; жойларда бўлиб ўтадиган умумхалқ сайилларига маҳаллий фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари, цирк санъати усталари, оилавий ансамбллар, бахшилар, шоирлар, шунингдек, профессионал ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистларини белгиланган тартибда кенг жалб этиш; байрам тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудга хос бўлган халқ ўйинлари, томошалар, кўргазмалар ўтказиш, баҳорий таомлар сотиладиган очиқ ошхоналарни жойлаштириш; б) байрам дастурларини ва оммавий томошаларни тайёрлашда, кўчалар, хиёбонлар ва майдонларни безатишда малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳларни кенг жалб этсин; в) барча тадбирлар карантин қоидалари ва жамоат хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилишини таъминласин. 6. Белгилаб қўйилсинки, ўтказиладиган байрам тадбирлари: Тошкент шаҳрида республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда; Қорақалпоғистон Республикаси бюджети ва вилоятларда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қопланади. 7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ишларини ва байрам тадбирларини атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин. 8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2022 йил 17 февраль