Атрофга назар

26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни: МИЛЛАТ ТАНЛАМАЙДИГАН ИЛЛАТ


25.06.2025   261

Гиёҳвандлик –аср вабоси. Бугун жаҳон миқёсидаги муаммодир. У жамиятни энг хавфли ва энг оғир кулфатларга олиб келувчи оғудир. Психотроп моддалар инсон саломатлигига ҳалокатли таъсир қилиб, азиз умрини кемириб, ўлимга маҳкум этаётган иллатдир. У – ҳар қандай миллатнинг келажагига қаратилган сукутли уруш. Фарзанднинг соғлом туғилиши, баркамол улғайишиҳар бир оиланинг орзусидир. Телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб қоламан, минг афсус, гиёҳвандлик сабаб айрим ҳолатларда ҳали туғилмаган болалар ҳаёт учун кураш билан дунёга келмоқда?

Биз бу ҳолатларга бефарқ бўлмаслигимиз даркор. Сукунат – энди жавоб эмас. Сукунат – ҳалокатдир.

Дунё бўйича кишилар, айниқса 15-40 ёшгача бўлганлар яъни куч-қувватга тўлган ёшлар бу оғу исканжасига илиниб, ҳаётдан адашиб, яратувчанлик, бунёдкорлик ишларига қатнашмасдан оғир хасталикка чалиниб ўзига, оиласи ва давлатга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирмоқда. Гиёҳвандлар ўзларининг маънавий қиёфасини йўқотади, ақл-идрок, фикрлаш, эслаш қобилияти, руҳият бутунлай издан чиқади. Уларда инсоний фазилатлар йўқолади.

Касаллик ривожланиши билан улар тартиб-интизом, қонун қоидаларни бузишни бошлаб, атрофга катта зиён келтиради. Жамиятдан ажралиб қолиб, жарга қулаётганини пайқамайди.

Хўш, ана шундай нохушликлар — иллатларга ким айбдор? Албатта, оғу сотувчилар ва иродасизлиги туфайли исканжага илинган гиёҳванд дерсиз. Улар ҳам қай жиҳатдандир айбдор. Лекин энг катта душман лоқайдлик ва бепарволик эканини унутмайлик. Эътиборсизлигимиз, болаларнинг назоратсиз қолдирилиши, оилавий низолар, ортиқча бойлик орттиришга ружу қўйиш, болаларнинг керагидан ортиқ таъминланганлиги, телефон ва ижтимоий тармоқларга қарамлик ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда.

Соғлом турмуш тарзи, соғлом муҳит, маърифий ва маънавий дунёқараш, ҳалоллик, поклик, меҳнатсеварлик бу иллатдан асровчи омиллардир.

Таҳлилчиларнинг фикрича, жаҳонда 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар орасида қайд этиладиган ўлимларнинг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан Бедаво дардга чалинаётганлар сони эса бундан ҳам юқори.

Бугун гиёҳвандлик гирдобига мубтало бўлаётганларга қарата бир оғиз гап айтиш керак. Ҳаёт гўзал, яшаш яхши. Ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкин. Шу сабабли ўзингизни чоҳга ташламанг. Миллат танламайдиган, чегара билмайдиган иллатга қарши биргаликда курашайлик.

Зиёда АБДУЛЛАЕВА,

Қўрғонтепа туманидаги

Буюк замин маҳалла ёшлар фаоли.