Андижонда

27 Июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни: ДАВРГА ҲАМНАФАС ҲАМКАСБЛАР


25.06.2022   279

Андижон вилоят телерадиокомпанияси илк бор 1991 йил 25 октябрдан ўз фаолиятини бошлади. Жамоада ҳозирда 74 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. 16 нафар бошқарув ҳайъати, 47 нафар ижодий ва 11 нафар техник ходим жамланган аҳил жамоа бугунги кунда долзарб, ижтимоий-сиёсий, кўнгилочар дастурларни эфирга узатмоқда. Телеканалда бир кунда 20 га яқин лавҳалар тайёрланади. Ҳозирда ёшлар томонидан қизиқиб томоша қилинаётган, рейтинги баланд бўлган (муаллиф - Дилмурод Парпиев, бошловчи - Феруза Камалова) “Заковат” интеллектуал ўйини “Хазинамсан – китоб”, “Яшил макон”, “Ислоҳотлар амалда”, “Нажот таълимда” каби аудиторияси кенг, ўз мухлисларига эга бўлган кўрсатувлар кўпчилик эътиборини тортмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, барча соҳалардаги ижобий ўзгаришлар, машҳурлар, ташаббускорлик, тадбиркорлик, ёшлар ютуқлари ҳақида кўплаб таҳлилий материаллар аҳолига тез ва рўйи-рост етказиб берилиб, кўрсатувлар ранг-баранглиги кундан кунга ошиб бормоқда. Бунда, албатта, жамоанинг машаққатли ва масъулиятли меҳнати таҳсинга сазовор.

ҲАММАБОП РАДИО

Қулоққа хуш эшитилгувчи Андижон радиоси 2015 йил 1 январдан бошлаб FM – 101.6 тўлқинларида ўз эшиттиришларини тўғридан тўғри эфирга бериб келмоқда. 8 миллионга яқин тингловчини ўзига жалб қилган Бахтиёр Мавлонов бошчилигидаги Андижон радиоси нафақат вилоятимиз, балки бутун водий аҳли, қўшни Тожикистоннинг айрим чекка ҳудудлари, Ўш вилоятида ҳам ўз мухлисларига эга. Мухлислар Гулзода Камолованинг майин овози остида таралаётган муаллифлик кўнгилочар эшиттиришлари, турли ўйинлар билан ўтказиладиган суҳбат жараёнларини интиқлик билан кутишади. Узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораётган Ферузахон Сиддиқованинг маъанавий-маърифий дастурлари ҳам тингловчилар кўнглидан жой олган. Ёш ижодкорлардан Гулмирахон Болтабоева ҳам ўз эшиттиришлари билан халқимиз кўнглидан жой олиб улгурди. Ижодий гуруҳнинг келгусидаги фаолиятига улкан омадлар тилаб қоламиз.

ЭЗГУ КАСБ ЭГАЛАРИ

Дунёда касблар кўп. Улар орасида бир соҳа вакиллари борки, олижаноб ва эзгу ишлари билан дилларга хушнудлик бағишлайди. Кўпчилик билмайдиган, лекин вазифаси зиё тарқатувчиларга тенг бўлган матбуот тарқатувчилардир. Почталарга, матбуот дўконларига ёки хонадонигизгача сиз севиб мутолаа қиладиган нашрларни ўз вақтида етказиб, зиммаларидаги вазифани шараф билан ўташгаинтиладилар.

Андижон “Матбуот тарқатувчи” масъулияти чекланган жамияти 1999 йилдан буён ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ҳозирда МЧЖда 37 ходим фаолият юритиб келяпти. 17 та тарнспортда 4 йўналиш бўйича ҳар куни вақтли матбуот нашрлари ўз эгаларига етказилиши таъминланяпти.

“Андижоннома” газетаси таҳририяти барча ҳамкасбларни байрам билан муборакбод этади.