Андижонда

30 000 СЎМГА -«КОБАЛЬТ», 40 000 СЎМГА -«КАПТИВА»


26.02.2022   567

Андижон мамлакатимизнинг энг кўп автотранспорт воситасига эга ҳудудлардан бири десак, янглишмаймиз. Шунга мутаносиб равишда уларга хизмат кўрсатувчи ювиш, ёқилғи қуйиш шохобчаларива таъмирлаш устахоналари ҳам кўпайиб бормоқда. Биргина ювиш нуқталарининг ўзи мингдан ортиқ. Бу яхши, албатта. Ҳаракатдаги транспорт воситаларининг тозалиги вилоят аҳлининг орасталигидан, саришталигидан дарак беради. Қолаверса, ҳар бир тадбиркорлик субъекти янги иш ўрни яратиб, бандлик масаласига ўз ечиминиберяпти.

Бу шохобчаларнинг асосий фаолият воситаси сув ҳисобланади. Бироқ барчасида иш белгиланган меъёрлар асосида йўлга қўйилганми?

Вилоят "Сув таъминоти" масъулияти чекланган жамияти мутасаддиларидан олган маълумотимизга кўра, ҳудудимизда 168 та, Андижон шаҳрида 70 таавтомобиль ювиш шохобчаси корхона билан шартнома тузган. Уларда техник шартлар, уланиш нуқтаси... хуллас ҳаммаси талабга жавоб беради. Солиқдан, сувдан, электрдан, экологиядан... келишса, бўйинни қисмай ишлашяпти.

Қолганларида-чи? Биз вилоят "Сув таъминоти" МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Марҳабохон Насриддинова ҳамда корхона юристлари билан ҳамкорликда Андижон шаҳри бўйлаб рейд қилдик.

Ўзбекистон кўчасида жойлашган автомобиллар ювиш шохобчаларидан бирини Оятилло Ёқубжонов ижарага олиб фаолият юритаётган экан. Ёш тадбиркор яқинда иш бошлаганини, МЧЖнинг номини ҳам билмаслигини ва унга тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмаслигини айтди. Барчаси мулк эгасида экан. Объектда сув ҳисоблагич ўрнатилган. Аммо шартнома тузилмаган. Устига-устак канализация ҳам йўқ. Ижара борасида "оғзаки келишув" бўлган, холос.

Бундан чиқди, юридик субъект жисмоний шахслар учун белгиланган тарифда сув истеъмол қилаётган экан, деган хулосага келдик. Истеъмолчиларга (субистеъмолчи) сув бериш фақат сув таъминоти ташкилоти билан истеъмолчи ўртасида тузилган шартнома мавжуд бўлгандагина амалга оширилади. Шартнома тузилмаган экан, белгиланган меъёрий қоидалар бузиляпти.

Тадбиркор йигитга "Сув таъминоти" корхонаси билан шартнома тузиш тўғрисида тартиб-тамойиллар тушунтирилди ва огоҳлантириш берилди.

"Иқтидорли ўқувчи" МЧЖ тасарруфидаги саунага келганимизда, Маҳмуджон Мақсудов (МЧЖ раҳбарининг ўғли экан) "ҳужжатлар дадамда," деб жавоб берди. "Сув таъминоти" мутахассислари "Ҳисоблагич ўрнатилганми, ичимлик ёки артезиан сувидан фойдаланасизларми? Бир кўриб қўяйлик", дейишса, бир муддат баҳоналар қилиб сауна ичига киритмади. Корхона юристларининг ҳуқуқий жиҳатдан тушунтиришларидан сўнггина "эшик очилди". Ҳисоблагич бор, ишлаб турибди. Ҳаммаси жойида бўлса, тадбиркор нега тихирлик қилди? Бу саволга мутахассисларнинг қайта ўрганишлари натижасида ойдинлик киритилади, деган умиддамиз.

"Автобаня" ни Рустамжон Усмонов бошқаряпти. У 10 та янги иш ўрни яратганини айтди. Шохобчада қайси автотранспортга қанчага хизмат кўрсатиш нархлари прейскурант бежирим афишада ёзиб қў-йилган. Масалан, 30 000 сўмга "Кобальт", 40 000 сўмга "Каптива" нинг ичи-ташини уч қайта кўпиклаб, ювиб, тозалаб беришади. Хизмат замонавий ускуналар воситасида амалга оширилмоқда.

Ҳайдовчиларнинг кутиб туришлари учун шароитлар яратилган. Мўъжазгина кафе, интернет тармоғи ишлаб турибди. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек кўринади.

Лекин... ана шу лекин барчасига сув пуркайди. Оқова нишаб орқали ариққа оқизиляпти. Махсус канализация йўқ. Бунинг устига, фойдаланилаётган оби ҳаёт учун шартнома тузилмаган. Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб,тадбиркор огоҳлантирилди, тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги (2014 йил 15 июль) қарори 2-иловасида истеъмолчиларга ичимлик суви ва оқова сув хизматларини кўрсатиш қоидалари қатъий белгилаб қўйилган.

Унга асосан, истеъмолчиларга (субистеъмолчи) сув бериш ва улардан оқова сувларни қабул қилиш фақат сув таъминоти ташкилоти билан истеъмолчи (субистеъмолчи) ўртасида тузилган шартнома мавжуд бўлгандагина амалга оширилади. Истеъмолчи билан сув таъминоти хизматлари юзасидан шартнома тузишда, марказий коммунал оқова сув тармоғига уланиш ҳолатларимавжуд бўлса, мажбурий равишда, оқова сув(канализация) хизматлари учун ҳам шартнома тузилади.

Автомобиллар ювиш шохобчаларининг фаолияти сув билан бевосита боғлиқ экан, тадбиркорлар истеъмолчи сифатида меъёрий ҳужжатларнинг мана шу жиҳатларига эътибор қаратиб қўйсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ.