Андижонда

«5 ташаббус олимпиадаси»: АНДИЖОНДА СПОРТНИНГ «STREET WORKOUT» ТУРИ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА ФИНАЛ БОСҚИЧИГА СТАРТ БЕРИЛДИ


03.12.2022   750

Мамлакатимизда аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшлар орасида жисмоний маданиятни шакллантириш ва юртдошларимизнинг саломатлик даражасини оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бу бежиз эмас. Чунки аҳоли ўртасида ортиқча вазн, юрак қон-томир ва бошқа касалликларга чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда.
Қолаверса, ҳамон дунёни саросимага солаётган коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият шуни кўрсатмоқдаки, ҳар томонлама соғлом, иммунитети кучли инсонларда ушбу касалликка чалиниш эҳтимоли жуда кам бўлади ёки юқадиган тақдирда ҳам асоратлари у қадар оғриқли кечмайди.

Шу боис давлатимиз раҳбари аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳар қачонгидан жиддий эътибор қаратган ҳолда бу жараёнда асосий восита соғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт эканлигини бот-бот такрорламоқда ва бунинг учун барча шароит яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган йиғилишда энг муҳим ва долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.

Шунга асосан маҳалла ёшлари ўртасида ташкил этиладиган мусобақалар спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат-шашка, стол тенниси, стритбол ҳамда workout турлари бўйича беш босқичда ўтказилиш режалаштирилган.

Бугун Андижонда Ёшлар ойлиги доирасида спортнинг «street workout» тури бўйича мусобақанинг республика якуний финал босқичига старт берилди.

Тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари Насибулло Набиевич очиб берди ва барча мусобақа иштирокчиларига омадлар тилади.

Ушбу мусобақада Республикамизнинг барча вилоятларидан энг иқтидорли ва энг кучли спортчилар ташриф буюриб, ўзларининг маҳоратларини намойиш этишмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган янги тизим – ёшларни спорт билан қамраб олишни маҳалладан бошлашнинг замирида катта маъно мужассам. Тан олиш керак, бугун юртимизда спорт таълим муассасалари етарли эмас. Баъзи туманларда ёшлар спорт билан шуғулланиши учун марказда жойлашган болалар-ўсмирлар спорт мактабига 30-40 , ҳаттоки 50 километр масофадан қатнашига тўғри келади. Бундай вазиятда спортни севадиган, таъбир жоиз бўлса юксак иқтидорга эга ўсмир ёки қиз мунтазам спорт билан шуғуллана оладими? Албатта йўқ. Шу боис давлатимиз раҳбари маҳаллаларда ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун етарли шароит, инфратузилма яратишга жиддий эътибор қаратмоқда.

Бу, ўз навбатида, ўша ҳудудлардаги ёшларини спорт билан янада яқинроқ бўлишига хизмат қилиб, соғлом турмуш тарзини оммалаштиришда муҳим мезонга айланади.
Ишонамизки, бундай юксак эътибор ва ғамхўрликка ёшларимиз «лаббай» дея жавоб берган ҳолда Янги Ўзбекистон байроғини янада юқориларга кўтаради ва юртимиз шаънини улуғлашга муносиб ҳисса қўшадилар.

«Andijonnoma» online гуруҳи.