Андижонда

Адибнинг ёш ижодкорлар билан учрашуви бўлиб ўтди


31.10.2023   92

Шу кунларда республикамиз бўйлаб Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, таниқли ҳажвчи адиб Ҳабиб Сиддиқ таваллудининг 70 йиллиги олдидан маънавий-маърифий, адабий-бадиий анжуманлар бўлиб ўтмоқда. Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида ҳам республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари билан ҳамкорликдаадиб билан учрашув бўлиб ўтди.

-Кўп йиллардан буён Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб келаётган ёзувчи, олим, публицист ва таржимон Ҳабиб Сиддиқ номи адабиёт ихлосмандларига яхши таниш,-дейди республика ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Фарид Усмон. -Адибнинг “Тўқайга ўт тушса”, “Ким ошди савдоси”, “Бедаво дарднинг давоси”, “Инглизча туш”, “Чироғи ёниқ хонадон”, “Ўрага сичқон тушди”, “Нимкоса”, “Ҳаёт йўлга ўхшайди”, “И смех, и грех” каби насрий ва публицистик китоблари, “Яхшилар кўп дунёда, “Лаббай, хўжайин...” номли қиссалари, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ҳикоя, ҳажвия ва ҳангомалари ўқувчилар қўлига етиб борган, муҳлислар эътиборини қозонган.

Адиб асарлари асосида йигирмадан ортиқ телеминиатюралар, “Чўғ”, “Кичик корхонанинг катта ҳангомаси”, “Тақдирлар” видеофильмлари тасвирга олинган ва тез-тез намойиш этилмоқда.Турли миллат адибларининг қатор жаҳонга машҳур комедиялари ва ҳикоялари Ҳабиб Сиддиқ таржимасида ўзбек ўқувчилари ва томошабинларининг маънавий мулкига айланиб улгурди. Ҳажвия ва ҳангомалари рус, инглиз, турк, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилиниб Ватанимиз сарҳадларидан ташқарида ҳам ўз ўқувчиларини топиб бормоқда.

Тадбирда сўз олганлар ёзувчи, олим, публицист ва таржимон Ҳабиб Сиддиқнинг ҳаёт ва ижод йўли, муҳлислар эътиборини қозонган асарлари, адабиётимиз, айниқса ҳажвиётимиз ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, инсоний фазилатлари ҳақида сўзладилар, қутлуғ етмиш ёши билан табрикладилар, ижодкорга мустаҳкам соғлик, ижодий муваффақиятлар тиладилар.

Саминжон ҲУСАНОВ.