Атрофга назар

Адолат ва қонун устуворлиги – халқ ишончининг пойдевори


27.12.2025   62

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тарихий Мурожаатномасини тинглаб, шуни ҳис қилдимки, Ўзбекистонда энди “ҳақиқат ва адолат” тушунчалари шунчаки сўз эмас, балки давлат сиёсатининг энг олий мезонига айланмоқда. Президентимизнинг “Қонун олдида ҳамма тенг!” деган қатъий позицияси менинг ва миллионлаб юртдошларимизнинг кўнглидаги гап бўлди.

Жамият ривожига ғов бўлаётган иллатларга қарши эълон қилинган “жанг” мени бефарқ қолдирмади.

Нима учун бу йўналиш мен учун ҳаётий муҳим?

Биринчидан, коррупцияга қарши “фавқулодда ҳолат”. Президентимиз коррупцияни ислоҳотларга хиёнат деб атадилар ва 2026 йилда бу иллатга қарши курашиш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилинишини айтдилар. Мансаби ёки унвонидан қатъий назар, ҳеч ким жазодан қочиб қутула олмаслиги, ҳатто энг юқори идоралар ҳам назоратдан четда қолмаслиги ҳақидаги огоҳлантириш – оддий халқнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Иккинчидан, кўчадаги “зўравонлик”ка ўрин йўқ. Кейинги пайтларда ўзини “қонундан устун” деб билган, тадбиркорларга босим ўтказаётган ёки ўзини “қози” деб ҳисоблайдиган жиноий гуруҳлар ҳақида очиқ гапирилгани жуда тўғри бўлди. Давлатимиз раҳбарининг: “Бундай жиноий тўдалар фаолиятига чек қўйишга куч-қудратимиз етади”, деган сўзлари бизга – тинч аҳолига хотиржамлик бағишлайди. Мен ишонаманки, Ўзбекистонда ҳар бир фуқарони ҳимоя қиладиган Конституция ва қонун бор.

Учинчидан, инсон омилисиз адолатли тизим. Суд ва тергов тизимининг рақамлаштирилиши, яъни “инсон омили”нинг қисқартирилиши адолатсизликнинг олдини олишдаги энг тўғри йўлдир. Жиноят ишини қўзғатишдан бошлаб судгача бўлган жараёнда сунъий интеллектнинг қўлланилиши таниш-билишчиликка чек қўяди. Шунингдек, “Хабеас корпус” институтининг кенгайтирилиши ва тергов судьяларига кўпроқ ваколат берилиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги даврни бошлаб беради.

Тўртинчидан, аёллар ва болалар ҳимояси. Оилавий зўравонликка қарши кураш бутун жамиятнинг иши эканлиги, аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳаққимиз йўқлиги ҳақидаги фикрлар ҳар бир виждонли эркакни ўйлантириши керак.

Мен, Ўзбекистоннинг қонунга итоаткор фуқароси сифатида, Президентимизнинг “ҳалоллик ва шаффофлик” сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Ўз фаолиятимда ва ҳаётимда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз бўлишга, жамиятда адолат муҳитини қарор топтиришга ўз ҳиссамни қўшишга сўз бераман. Чунки қонун устувор бўлган юртдагина – тинчлик, барака ва ривожланиш бўлади.

Равшанбек Абдураҳимов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти