Атрофга назар

АГАР ID КАРТА ЙЎҚОЛСА


25.07.2022   588

Кейинги йилларда мамлакатимизда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизими фаолиятини такомиллаштириш, соҳа ишини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилларда соҳада олиб бориладиган ислоҳотлар юзасидан бошқарма бошлиғи ўринбосари, подпольковник Фарруҳбек Давронов билан суҳбатлашдик.

– Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш тизимида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Президентимиз томонидан мазкур йўналишда ўнлаб фармон ва қарорлар имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартиби соддалаштирилди. 2005 йилгача мамлакатга келган, мамлакатда 15 йилдан бери муқим истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролари деб тан олиниши мумкин дея эътироф этилди. Ушбу қарор ижросини таъминлашда, қолаверса, фуқароларга тез ва сифатли хизмат қилиш учун ҳаракат қиляпмиз.

– Яшаш манзилида йўқотилган паспортлар қанча муддатда тикланиши зарур ва жарима миқдори қанча? Ўзбекистон фуқароларнинг хорижда йўқотган паспортлари қай усулда ва қанча муддатда тикланади?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6065-сонли Фармонига асосан, фуқароларга биометрик паспорт эмас, ID-карталар расмийлаштириб бериляпти. Фуқаро ID-картани йўқотган тақдирда ўзига қулай бўлган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат этади. Янги ID-карта белгиланган тартибда ID-карта йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунида берилиши белгиланган. Агар шахс хорижда йўқотса, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига мурожаат қилади. Фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаслиги, уни яроқсиз ҳолга келтириши, йўқотиб қў-йиши, шунингдек, бошқа шахсга тегишли бўлган ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш, ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолатга келтириш ёки яшириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан жавобгарлик белгиланади.

Президентимизнинг 2020 йил 22 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6065-сонли Фармонига асосан, ID-картани расмийлаштириш, бериш ва алмаштириш тартиби қуйидагича белгиланган - ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра - бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;

– фуқаро 16 ёшга тўлганда;

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олинганда;

– ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;

– фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;

– ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;

– ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;

– ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қў-йилганида;

– ID-карта йўқотиб қўйилганда.

– Вилоятимизда фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш қай тарзда кечмоқда? Жорий йилнинг 6 ойи давомида қанча фуқарога топширилди?

– Шу йилнинг 6 ойи давомида жами 153 минг 613 нафар фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштирилди. Шу ўринда эслатиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти (кейинги ўринларда - хорижга чиқиш биометрик паспорти) – хорижга чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, хорижда туриш вақтида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат ҳисобланади.

Фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш тартиби қуйидагича: биринчи навбатда аризачи давлат хизматини электрон тарзда олиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади. Сўровнома тўлдирилиб, ваколатли органга юборилади. Aризачи белгиланган муддатда маълумотлар йиғиш пунктига қўл бармоқ изларини топшириш ва суратга тушиш учун шахсан ташриф буюради. Хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш бўйича фуқаролик паспорти ёки унга тенглаштирилган ҳужжатни белгиланган кун ва вақтда ваколатли органга шахсан келиб тақдим этилади.

– Фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик паспорти бериш тартиби қандай?

– 2020 йил 13 мартдаги "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси, деб тан олинади.

Шунингдек, ушбу қонунга кўра:

– Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишнинг умумий тартиби чет давлат фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у:

а) чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;

б) фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса;

в) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;

г) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;

д) давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг "б" бандида назарда тутилган шарт Республикасида туғилган ва яшаб келаётган ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳда бўлган ва никоҳ тузилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмуш ўртоғи билан биргаликда узлуксиз уч йил давомида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан татбиқ этилмайди.

Суҳбатдош:Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА