Атрофга назар

АГАР СУВ ҲИСОБЛАГИЧ БЎЛМАСА 1 ФЕВРАЛДАН БОШЛАБ...


21.01.2022   953

Истеъмолчиларнинг ичимлик ва оқова сув хизматларидан фойдаланишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган қарийб 200 турдан ортиқ истеъмол меъёрлари амалга татбиқ этилганди.

Бу борада соддалаштирилган ва шаффоф ҳисоблаш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 3 январь куни тегишли қарорнинг қабул қилиниши мавжуд қоидаларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини меъёрлар тўлиқ оптималлаштирилиши таъминлади.

Ҳужжатга кўра, аҳоли томонидан автотранспорт воситалари, йирик қорамол, от, қўй-эчки ва паррандалар учун аввал ҳисобланаётган истеъмол меъёрлари тўлиқ ҳисобдан чиқариб ташланди.

Эндиликда жорий йилнинг 1 февралдан бошлаб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сув ҳисоблагичсиз ичимлик сувидан фойдаланувчи аҳоли истеъмолчиларига 4 турдаги қуйидаги истеъмол меъёрлари жорий этилади.

Жумладан:

  • ичимлик сувини кўча колонкасидан ташиб ичувчилар учун киши бошига кунлик 50 литр;
  • ичимлик сув тармоғига уланган, сув бериш жадвали асосида сув бериладиган хонадонлар учун киши бошига кунлик 200 литр;
  • ичимлик суви тармоғига уланган хонадонлар учун киши бошига кунлик – 350 литр;
  • сув сепиш ва суғориш майдонининг ҳар 1 метр квадрати учун кунлик 15 литр этиб белгиланди.

Шунингдек, сув ҳисоблагичсиз ичимлик сувидан фойдаланувчи истеъмолчиларда ҳовуз (бассейн), микроиқлим ёки фаввора мавжуд бўлганда, ичимлик сув истеъмоли ҳажми ичимлик сув қувурининг сув ўтказиш қуввати бўйича ҳисобланиши маълум қилинмоқда.

“Бу каби ҳолатларда истеъмолчиларга ичимлик сувидан ҳисоблагичлар орқали фойдаланиш тавсия этилади, дейилади “Ўзсувтаъминот” хабарида. -Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сув ҳисоблагичидан фойдаланиш ичимлик суви харажатларини камида 2 баробардан 20 баробаргача қисқартириши мумкин”.