Ахборот маконида контент масъулияти
24.07.2026 16
Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказида “Ўзкомназорат” инспекцияси томонидан “Ахборот маконида миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида ҳудудлараро ўқув-семинар ўтказилди.
Тадбирда Андижон ва Наманган вилоятларида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари, теле ва радиоканаллар, интернет нашрлари, нашриёт ҳамда матбаа корхоналарининг вакиллари ҳам иштирок этди.
Семинар давомида ахборот соҳасида қонунчилик талабларига риоя этиш, аниқланган ҳолатларнинг сабабларини таҳлил қилиш, уларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш, ахборот соҳаси субъектларининг ҳуқуқий хабардорлиги ва амалий кўникмаларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир ахборот соҳаси ходимларининг миллий қонунчилик талабларини янада чуқур ўзлаштириши, ахборот маҳсулотларини ёшга доир таснифлаш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаши ҳамда ахборот соҳасида фаолият юритишда ягона ҳуқуқий ва касбий ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади. Ахборот соҳасида мониторинг ва назоратнинг асосий мақсади қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш билангина чекланмай, қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг келгусида такрорланишининг олдини олиш ҳамда хавфсиз ва масъулиятли ахборот муҳитини шакллантиришдан иборат.
2026 йилнинг биринчи ярмида интернет тармоғи, теле ва радиоканаллар, даврий босма нашрлар ҳамда ноширлик маҳсулотларини қамраб олган 1 400 та мониторинг тадбири ўтказилди. Мониторинглар доирасида ахборот соҳасига оид қонунчилик, техник регламентлар ва стандартлар талабларига риоя этилиши ўрганилиб, 3 150 та ҳолат аниқланди. Мазкур ҳолатлар келгусида такрорланишининг олдини олиш мақсадида профилактик ва тушунтириш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда. Ўтказилган таҳлиллар ахборот соҳасида қонунчилик талабларига риоя этиш билан боғлиқ айрим йўналишларга, жумладан, ахборот маҳсулотларини ёшга доир таснифлаш, катта ёшдагилар учун мўлжалланган контентни белгиланган вақт талабларига мувофиқ эфирга узатиш ҳамда интернет ресурсларида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиботининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди. Шунингдек, кибербуллинг, қимор ва букмекерлик хизматлари тарғиботи, наркотик воситаларни оммалаштирувчи материаллар, зўравонлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи контент, манипулятив ахборот, ёлғон хабарлар ҳамда сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган деэпфаке материаллар рақамли муҳитда юзага келаётган долзарб ахборот хавфлари сирасига киради. Семинар давомида ахборот соҳасида фаолият юритувчи субъектлар учун ахборотни тарқатишда масъулиятли ёндашувни таъминлаш, ахборот маҳсулотларини белгиланган талаблар асосида тайёрлаш ва тарқатиш, шунингдек, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунлар ҳамда ахборот соҳасига оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётда қўлланилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Семинарда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ички ишлар вазирлигининг Кибержиноятларга қарши курашиш департаменти, Интеллектуал мулк ҳуқуқ эгалари жамоат бирлашмаси мутахассислари, психология соҳаси ҳамда медиа ҳамжамияти вакиллари иштирок этиб, хавфсиз ва масъулиятли ахборот муҳитини шакллантиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
