Атрофга назар

АҲОЛИ ИЛК БОР РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛАДИ. БУНДАН МАҚСАД НИМА?


27.01.2022   373

Бугун биз сўз юритмоқчи бўлган мавзу ҳам бевосита статистикага дахлдор. Яъни аҳолини рўйхатга олиш ҳақида.

Хўш, бу амалиёт нима учун керак? Нега кейинги бир йилда бу ҳақда жуда кўп гапириляпти? Нима, бизда шу пайтгача аҳоли рўйхатга олинмаганмиди?

Фақат тахминларга таяниб иш кўрган одам ютқазади. Аниқ статистика эса ҳар соҳада керак. Бу сиз ривожланиш ҳақида гапириш ўринсиз. Айниқса, ҳозирги тез ўзгариб бораётган замонда.

Тасаввур қилинг, хонадонингизда 10 киши яшайди. Демак, бозор-ўчар қилишда улар сонини ҳисобга оласиз. Фалон кило гўшт, фалон литр ёғ, фалон кило ун, қанчадир гуруч ва ҳоказо... Хонадон бекаси ана шу ноз-неъматларни пишириб, дастурхонга тортишда ҳам, табиийки, уйдаги одамлар сонини инобатга олади. Фақат хонадон аъзолари ёши, хоҳиши ва таъбидан келиб чиққан ҳолда овқат кимгадир каттароқ косада, кимгадир кичикроқ идишда, кимгадир ёғсизроқ, кимгадир сергўштроқ қилиб сузилади. Оилангиздагилар учун кийим-кечак харид қилишда ҳам худди шундай йўл тутасиз. Ўғлингиз ё қизингизни бирор тўгаракка бермоқчисиз? Бу ўринда унинг қизиқиши, қобилияти, салоҳияти, имкониятини ҳисобга оласиз.

Энди савол туғилади: қандай қилиб бу борада тўғри ва оқилона қарор қилишга эришяпсиз? Жавоб аниқ: чунки сизда оила аъзоларингизнинг ҳар бири ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар базаси бор

Аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар зуруратини ана шунга қиёслаш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда хонадонлар иссиқ бўлиши, одамлар қора қозони қишин-ёзин қайнаб туриши учун неча минг тонна кўмир, қанча саксовул, неча минг куб метр газ газ керак? Бухорода-чи? Хоразмда неча киши ишсиз? Сурхондарёда яна нечта таълим муассасаси қуриш лозим? Фарғонада нечта оила уй-жойга муҳтож? Самарқандда қанча туғуруқ ёшидаги аёл бор ва мавжуд туғруқхоналардаги ўринлар сони ана шу кўрсаткичга мутаносибми? Сирдарёда аҳоли хонадонлари асосан қайси йилларда қурилган? Сурхондарёда чироқ ўчмаслиги учун бир ойда қанча электр энергияси ишлаб чиқариш зарур? Андижонда нечта оила битта хонадонда истиқомат қилади? Тошкент шаҳрида аслида қанча киши истиқомат қилади?...

Кўряпсизми, аҳолини рўйхатга олиш, яъни биргина шу амалиёт билан қанчадан-қанча саволларга жавоб, қанчадан-қанча муаммоларга ечим топиш мумкин!

Бироқ юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан узоққа бориб бўлмайди. Режа ва дастурларнинг манзиллилиги, ислоҳотларнинг самарадорлиги бу борадаги маълумотларнинг аниқ ва ишончлилигига боғлиқ. Шу боис ҳам доноларимиз азалдан етти ўлчаб бир кесмоқни насиҳат қилиб келади. Аҳолини рўйхатга олиш ҳар бирфуқаро учун муҳим.

Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатнинг ижтимоий-демографик тузилиши ҳақидаги асосий малумот манбаи бўлиб, расмий статистика тизимидаги асосий рол ўйнайдиган муҳим кўрсатгич ҳисобланади. Бунда аҳоли сони бўйича аниқ ва ишончли маълумот олиш имкони пайдо бўлади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ахолини руйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик курилмокда.

Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади. Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш бўйича расмий статистика тизимида асосий рол ўйнайди.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу – ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала.

Таъкидлаш керакки, кейинги уч йил давомида масъул мутасаддиларни қайноқ иш жараёни кутиб турибди. Уларни муваффақиятли бажариш билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳари, туманидан тортиб маҳалласию кўчасига, чекка қишлоқ ва олис овулларигача алоқадор бўлган барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базасига эга бўламиз. Бу қимматли маълумотлар эса бизга бугун, эртага ва яқин келажакда жуда асқотади.

Муроджон ТУРАҚУЛОВ,

Андижон вилояти статистика

бошқармаси етакчи мутахассиси.