Андижонда

АҲОЛИНИНГ ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ҚИСМИГА КОМПЬЮТЕР ТОМОГРАФИЯ ТЕКШИРУВИ ХАРАЖАТЛАРИНИНГ ЯРМИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТДАН ҚОПЛАБЛАНАДИ


17.07.2021   847

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, ҳудуддаги COVID-19 беморларини даволашга мўлжалланган марказларда коронавирусга чалинган ҳамда касалликда гумон қилинган 1061 нафар бемор даволанмоқда. Уларга зарур барча ёрдам кўрсатилмоқда, хасталик тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўриляпти.

Жумладан, беморларни даволаш учун биринчи босқичда тўртта - вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Андижон шаҳар марказий шифохонаси, наркология диспансери ҳамда қиличбозлик спорт мажмуасида жами 1180 ўринли касалланганларни саралаш ва тақсимлаш марказлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан иккинчи босқич учун яна бешта ҳудудда - "Баркамол авлод" спорт мажмуаси, кардиология диспансери, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят тери-таносил касалликлар диспансери, Андижон давлат тиббиёт институти клиникасида жами 1500 та захира ўрин тайёрлаб қўйилган.

- Шу кунларда бир сутка давомида ўртача тез тиббий ёрдам хизматига жами 4500 та чақирув бўлган, -дейди соғ-лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсупов. - Вилоят бўйича 11 та лабораторияда бир кунда ПЦР аппаратлари орқали ўртача 4000 га яқин таҳлиллар ўтказилмоқда. Натижада кун давомида ўртача 30-40 нафар фуқарода мусбат натижалар аниқланмоқда. Уларнинг клиник белгиларига қараб шифохонада ёки уй шароитида даволаниши тавсия этилмоқда. 2021 йилнинг 14 июль ҳолатига кўра, даволаш марказларида 1061 нафар бемор даволанмоқда. Унинг 36 нафари ҳомиладор аёллар, 82 нафари эса 18 ёшгача бўлган болалардир.

Вилоят ҳокимлиги томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга сифатли тиббий хизмат ташкил этиш мақсадида тиббиёт муассасаларида 49 турдаги 3 миллиард сўмлик ҳамда "Макро-фарм" МЧЖ омборхонасида 24 миллиард сўмлик фақат COVID ни даволашга ишлатиладиган дори-дармон ва тиббий жиҳозлар захираси яратилган.

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларга ташхис қўйиш ҳамда касалликни даволаш усулларини белгилаш учун ўпкани компьютер томография (МСКТ) қилиш энг самарали усул ҳисобланади. Таъкидланишича, вилоятда ҳозирда давлат тиббиёт муассасаларидаги ишчи ҳолатдаги мавжуд компьютер томография аппаратлари аҳолига етарли даражада хизмат кўрсата олмайди.

- Айни пайтда вилоятдаги 5 та хусусий тиббиёт муассасасидаги 7 та МСКТ аппаратида текширувлар амалга оширилмоқда,- дейди Салоҳиддин Юсупов. - Текширувларнинг нархи ҳар бири ўртача 220 - 250 минг сўмни ташкил этади. Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ташаббуси билан аҳолининг имконияти чекланган қисми учун компьютер томография текширувига тўланадиган хизмат ҳақининг 50 фоизи маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Натижада ҳар бир текширув нархи 100 - 120 минг сўмга тушади. Бунинг учун хусусий тиббиёт муассасаларида текширувдан ўтадиганлар ўзлари яшайдиган ҳудудий кўп тармоқли марказий поликлиникадан махсус бланкада йўлланма олиб келишлари лозим бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир компьютер томография аппарати бир кунда 50 нафар беморни текширувдан ўтказса, бир ойда 1500 нафар беморни қамраб олиш имкониятига эга бўлади. Бу - бир ойда ўртача 10 минг 500 нафар бемор имтиёзли текширувдан ўтказилиши таъминланади, дегани. Мазкур хусусий тиббиёт муассасаларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 50 миллион сўм маблағ ўтказиб берилиши кўзда тутилган.

Умиджон

АБДУРАҲИМОВ,

"Андижоннома"

мухбири.