Аҳолининг мавсум билан боғлиқ муаммолари ижобий ечим топди
23.11.2023 400
Саноқли кунлардан сўнг юртимизга қиш фасли кириб келади. Мавсумни кўнгилдагидек ўтказиш мақсадида республикамизда тайёргарлик ишлари амалга оширилди. Шундай бўлсада, аҳоли билан юзма-юз учрашиб, уларнинг мавзуга доир муаммоларининг ижобий ечимини таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари томонидан сайёр қабуллар бўлиб ўтмоқда. Андижон шаҳридаги ана шундай тадбирда кўтарилган масалалар Халқ қабулхонаси ва Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўрганилди.
-Маҳалламизда табиий газ таъминотида муаммолар мавжуд,-дейди “Шўрбулоқ” МФЙда истиқомат қилувчи Адолатхон Юлдашева. –Шу боис кўмир ёнилғиси таъминотида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатим, шу жойнинг ўзида ижобий ечим топиб, 500 килограмм миқдоридаги кўмир уйимга элтиб берилди.
“Қўлдан берганга қуш тўймас”,-деган нақл бор халқимизда. Ташкилотчилар томонидан ҳар қанча ёрдам берилмасин, аҳолининг ўзида доимий даромад манбаи бўлмас экан, барча саъй-ҳаракатлар вақтинчадир. Шу боис тикувчиликка лаёқати бор бўлган ва “Аёллар дафтари”да турувчи 25 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари тақдим этилдики, бунинг натижасида улар ўзларининг молиявий эҳтиёжларини қондиришлари мумкин.
Шу куни аҳоли томонидан келиб тушган барча мурожаатларнингижобий ечими таъминланди.
Умуман олганда, йилнинг ўтган даври мобайнида Андижон шаҳар Халқ қабулхонасига ҳамюртларимиз томонидан 1 минг 58 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан657 таси ижобий ҳал этилган. Қолган қисми эса ижрога йўналтирилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар замирида инсон қадр-қимматига бўлган эътиборнинг ёрқин ифодаси мужассам.
Саминжон ҲУСАНОВ