Атрофга назар

Аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиш ҳуқуқлари янада кенгаймоқда


14.04.2025   778

Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жисмоний ва юридик шахслар томонидан судларга ариза, шикоят бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.

Шу билан билан бирга, бугунги кунда қонунчиликда ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 166-моддаси, Фуқаролик процессуал кодексининг 209-моддаси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаларига асосан ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга ҳақли эканликлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиши белгиланди.

Бунда видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек, суд мажлисида тақдим этилган далиллар ишни кўраётган судга юборилишини таъминлайди.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи биринчи, апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари судларининг суд мажлисида амалга оширилиши мумкин.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Эндиликда қонунчилика киритилган ўзгартиришларга асосан тарафлар ва (ёки) одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар Олий суднинг VKA.SUD.UZ сайти орқали рўхатдан ўтиб, реал вақт режимида ўзи турган исталган жойда ўзининг шахсий телефон, ноутбук ёки бошқа қурилмалар орқали суд мажлисларида мобиль видеконференцалоқа режими орқали иштирок этишлари мумкин.

Суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш имкониятининг кенгайиши фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиниши билан бир қаторда, одамларнинг вақтини ва маблағларини тежашга ёрдам беради.

Жасурбек Абидов,

Андижон вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси