Андижонда

АНДИЖОН ДАВЛАТ ЧЕТ ТИЛЛАРИ ИНСТИТУТИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


05.09.2022   1577

Чет тилларини ўқитиш бўйича илғор хорижий тажрибани таълим тизимига жорий қилиш, чет тилларини мукаммал эгаллаган олий маълумотли мутахассисларни, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тиллар бўйича филологлар, педагоглар, таржимонлар ва гид ҳамроҳларини тайёрлаш тизимини янада кенгайтириш мақсадида Андижон давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 майда ПҚ-265-сон қарори имзоланган эди.





5 сентябр куни Андижон давлат чет тиллар институтининг очилиш маросими ўтказилиб, фойдаланишга топширилди. Муассасада ҳам 2022-2023 ўқув йили бугундан бошланди. жорий йилда институтда 4000 нафар талаба таҳсил олади. 9 та бакалавриат йўналишида 400 нафардан зиёд, 3 та магистратура мутахассиликларига 24 нафар талаба қабул қилинди. Ҳозирда етакчи хрижий олий таълим муассасаларининг ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий методларини қўллаш борасида амалий ишлар бошланган.


- Илмий-инновацион фаолиятни янада ривожлантириш ишига алоҳида аҳамият бермоқдамиз, - дейди Андижон давлат чет тиллар институти ректори в.б Дилшодбек Рустамов. - Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, сўнгги уч ойда институтимизнинг 10 га яқин тадқиқотчилари ўз диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди. Келгусида шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида таянч докторантура ва докторантура ихтисосликлари бўйича қабулни ташкил этамиз. Илмий-инновацион ишларни ривожлантиришда институтимиз қошида ташкил этилган Андижон луғатшунослик ва таржимашунослик амалий-илмий инновациялар марказининг ташкил этилиши ҳам улкан ютуқ бўлди. Марказда бошланган фундаментал ва амалий тадқиқотлар келгусида вилоятимиз ва республика миқёсида катта ўрин эгаллайди.

Нуржаҳон Йўлдошева

Хурсандбек Араббоев олган суратлар