Атрофга назар

АНДИЖОН ДАВЛАТ ТИББИЁТ ИНСТИТУТИ КЛИНИКАСИ АЙНИ ВАҚТДА ҚАЕРДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРМОҚДА?


16.03.2022   296

Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси 1975 йилда қуриб битказилган. Кейинчалик жорий таъмирлаш ишлар бажарилган. Клиникага бир йилда ўртача тўқсон мингдан зиёд мурожаат бўлади. Ўттиз мингдан ортиқ бемор стационар даволанади. Андижон давлат тиббиёт институти талабаларининг ҳам аксарият амалий машғулотлари мазкур шифохонада ўтказилади.

Бироқ тиббиёт масканида шарт-шароитлар таъмирга, янги замонавий талабларга жавоб берадиган қулайликларга муҳтож эди.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятга 2021 йил 29 сентябрдаги ташрифи давомида ҳолат кўздан кечирилиб, тўлиқ реконструкция ишлари амалга оширилиши юзасидан мутасаддиларга қатъий топшириқлар берилганди. Хўш, ўтган вақт ичида қандай ишлар олиб борилмоқда?

Жорий йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида мавжуд 20 та бўлим 650 ўринли фаолияти билан тўлиқ равишда Андижон шаҳардаги 7 та ҳамда Андижон туманидаги 1 та даволаш-профилактика муассасаларига кўчирилди. Айни вақтда турли шифохоналарда бўлса-да, клиника ўз ишини тўла давом эттирмоқда.

- Бу галги реконструкция тадбирлари алоҳида назорат билан юқори савияда ташкил этилаётганининг гувоҳи бўляпмиз, - дейди АнДТИ клиникаси бош врачи Баҳодиржон Раҳмонов. – Аввалги йиллардаги таъмирлаш ишлари сабабли то таъмирлаш тугамагунга қадар тиббиёт ходимларимиз 6-8 ойлаб ишсиз қолар эдилар. Эндиликда вилоятимиз ҳокимининг эътибори билан шифохонанинг ҳар бир ходими фаолиятини давом эттирмоқда.

Клиниканинг қурилиш-таъмирлаш лойиҳаси 1 апрелга қадар топширилиши керак эди. Эзгуликнинг қаноти кенг - муддатидан аввал тақдим этилган лойиҳа экпертизага юборилди. Ҳадемай, янги бино қад кўтариши учун астойдил бел боғланади.