Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси қачон ишга тушади?
18.08.2025 258
Давлатимиз раҳбарининг вилоятга 2021 йил 29 сентябрдаги ташрифи давомида Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига бориб, бу ердаги аҳволни кўздан кечирган ва шифо масканини тўлиқ реконструкция қилиб, унинг негизида водий аҳолиси учун кардиология, нейрохирургия, кўз касалликлари ва урология бўйича мураккаб операциялар ўтказадиган тиббиёт маркази ташкил этишга кўрсатма берган эди.


Эслатиб ўтамиз, бу шифохона 1975 йилда қуриб битказилган бўлиб, 650 ўринли 11 та даволовчи ва 7 та ёрдамчи бинолардан иборат. Клиникада 20 та даволовчи ва 15 та ёрдамчи бўлимларда 1000 дан ортиқ олий, ўрта, кичик тиббиёт ходимлари фаолият юритган. Айтиш жоиз, йилига ўртача 90 мингдан ортиқ мурожаат бўлиб, 30 мингдан зиёд бемор стационар тарзда даволаниш йўлга қўйилганди. Андижон давлат тиббиёт институти талабалари эса амалий машғулотларини айнан шу ерда ўтказарди.
Президентнинг қайта реконструкция қилиш тўғрисидаги топшириқларидан сўнг мавжуд 20 та бўлим 650 ўринли фаолияти билан тўлиқ равишда Андижон шаҳардаги 7 та ҳамда Андижон туманидаги 1 та даволаш-профилактика муассасаларига кўчирилган. Айни вақтда ҳам таъмирлаш ишлари якунланмаганлиги туфайли турли шифохоналарда бўлса-да, клиника ўз ишини тўла давом эттирмоқда.
2025-йилдан реконструкция ишлари Андижон давлат тиббиёт институти маблағлари ҳисобидан олиб борилиши кўзда тутилган, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти ректори, профессор Мадамин Мадазимов. - Жорий йилнинг 15-16-апрел куни Президентимизнинг вилоятимизга ташрифида тиббиётда Андижон брендини яратиш бўйича барча имкониятлар борлиги таъкидланганди. Қайд этиш керак, ўтган йили 650 ўринли клиника Андижон давлат тиббиёт институти балансига ўтказилди. Қурилиш ишлари учун 80,0 миллиард сўм институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ажратилди.Шунингдек, давлат томонидан 100 миллиард сўм ссуда ажратилиши белгиланган бўлиб, улар билан қурилиш ва бунёдкорлик ишлари якунланиши кўзда тутилган. Бу 12 минг талабага бир вақтни ўзида ҳам ўқиш, ҳам амалиёт ўташ имконини беради. Институтимиздаги симуляцион марказда тиббиёт ходимлари малакасини 2 босқичда баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, клиника ёнига травматология, педиатрия ва жарроҳлик, гинекология бўлимини қуриб, кластерга айлантириш ташаббуслари қўллаб-қувватланган эди. Бунга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилиши эса давлатнинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга бўлган қатъий сиёсатининг яна бир исботидир.
Таъкидланганидек, Андижонда тиббиётнинг ўз брендини яратиш ғояси ҳудуднинг бу борадаги улкан имкониятларини тўлиқ ишга солишга қаратилган муҳим қадам ва андижонликлар учун манфаатли ташаббус десак, ҳақ гапни айтган бўламиз. Бу борада Андижон давлат тиббиёт институти клиникасининг келгуси фаолияти ҳам яққол намуна бўла олади.
Зилола РАҲМОНОВА
