Андижон дўпписи
20.01.2025 189
Андижоннинг энг катта Жаҳон бозорига борганингизда, албатта, миллий либослар бўлимига ўтинг. Дилингиз яйраб, кўзингиз қувнайди. Ял-ял ёнган адрасу атлас белбоғлар, тўнлар, миллий либослар узоқдан сизни ўзига чорлайди.
Эркакларнинг Андижон дўппиларини бошига қўндириб олган ширинсўз аёллар: “Куёв болагами, бахти доим бошида бўлади” , “Хожидадагами, келинг, шунисини олинг, дуони тагида қоласиз”, “Тўй болагами, нақшларини қаранг, қиқирлаб турибди-я”, - деб оҳанграбодай ўзига қаратишади.
Икки дақиқа ичида сотувчилар миллий бош кийимларининг табиий, сифатли толадан тайёрланганидан тортиб, нақшларининг маъно-мазмуни, дўппиларнинг тарихи ва турлари, саломатлик учун фойдасигача батафсил маълумот беришади. Тужжорлик маданияти, харидор билан мулоқот санъати деб шунга айтишади-да!
Дарвоқе, бизнинг Андижон дўппиларини воҳада, Самарқандда, бу ёғи Қозоғистоннинг Сайрамида, Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод вилоятларида, Тожикистоннинг Душанбе, Хўжанд, Конибодом, Исфара, Пролетар, Нов каби шаҳарларида қадрлаб кийишади.
Хўш, Сизнинг бошингизда дўппи борми? Бўлмаса, тезда кийиб олинг.
