Андижон фарзанди – туркий халқлар сиёсати аълочиси
25.11.2024 312
Туркий қардош давлатлар ва халқларнинг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, туркий халқлар маданияти, тили ва тарихи каби умумий қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида 2014 йилдан буён “Қизил олма Турк дунёси мукофот”и тақдирлаш маросими ўтказилиб келинади. Унда жамоатчилик муносабатлари, маданият, фан, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда катта ютуқларга эришган шахслар ва ташкилотлар тақдирланади.
“Дилда, фикрда, ишда бирлик” шиори асосида анъанавий тарзда ўтказиладиган мазкур тантананинг жорий йил 12 ноябрь куни ташкил этилган мукофот кечасида андижонлик Азизбек Омонов “Турк Дунё Сиёсат Муваффақият Мукофоти”га сазовор бўлди.
Ушбу юксак ютуқ замиридаги алоҳида хизматлари хусусида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Янги Андижон” шаҳридаобъектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси давлат муассасаси директори А.Омоновнинг фикрларига қизиқдик:
- 2023 йил 6 февраль куни Туркиянинг Қаҳраманмараш вилоятида бир куннинг ўзида содир бўлган 2 катта зилзила 50 мингдан ортиқ инсонни орамиздан олиб кетганди. 10 дан ортиқ вилоятларда бино иншоотлар зарар кўрган. Ўшанда Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар қатори биринчилардан Туркияга ўзининг қутқарув бригадалари ва инсонпарварлик ёрдамларини юборди. Уларга далда бўлиш, дардларини бироз бўлсада унуттириш мақсадида Туркиянинг ва қардош ўлкаларнинг кўп жойларидан делегациялар боради. Булар орасида кўплаб сиёсий ижтимоий фаоллар, блогерлар вакўплаб ёрдам фондлари мавжуд. Август ойида ҳам шундай фондларнинг бири очилишига ушбу фонд ташкилотчилари тарафидан таклиф қилиниб, яна бир бор зилзила оқибатида жабр кўрган, ҳозирда сокин ҳаёт тарзига ўтаётган халқ билан кўришиб, уларни бироз бўлса-да кўнглини кўтаришга ҳаракат қилдик.
Бундан ташқари, “Янги Андижон” дирекцияси раҳбари бўлганлигим боис охирги 3 йил мобайнида жуда кўп давлатлардан, масалан, қардош Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркиядан кўплаб турли ижтимоий соҳаларида фаолият олиб бораётган фаоллар билан ҳамкорлик ва дўстлик алоқалари ўрнатганман.
2015 йилда қурилиш соҳасига кириб келган бўлсам, бугунга қадар турфа мамлакатларнинг соҳадаги ютуқларини ўзлаштиришга, илғорлар билан ўзаро тажриба алмашишга ҳаракат қиламан. Чунончи, қурилиш соҳасидаги нормалар ва архитектура ечимлари бўйича бизга яқинроқ бўлган, ҳам ҳаёт тарзи ва маданияти жиҳатидан бизга ўхшаш Туркия давлатига қурилиш соҳасида тажриба алмашиш ва янги билимлар ўрганиш мақсадида кўп бора хизмат сафарида бўлиб келаман. Жумладан, оқава тизимларида Bilcev компанияси, иссиқлик тизимида Mimsan Energy ва йўл лойиҳасида Arccon компаниялари билан доимий ҳамкормиз. Ана шундай хизмат сафарлари давомида оддий аҳоли билан, табиат офатларидан жабр кўрганлар билан имкон қадар суҳбатлашиб, уларга қўлимиздан келганча кўмак беришга ҳаракат қиламиз.
***
Азалий қардошликни мустаҳкамлаш баробарида глобал ва минтақавий муаммолар ечимида кўмакдошликни мақсади билган, иқтисодий ва техникавий, ижтимоий ҳамкорликни, илм-фан, санъат ва маданият соҳасида ҳамда туркий тилли дунёнинг моддий, маънавий маданиятини асраш ва янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни юқори савияга кўтаришда мана шундай фидойи инсонларнинг борлиги ифтихордир.
Зилола РАҲМОНОВА