Атрофга назар

Одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида муҳим қадамлар


21.10.2025   222

Ҳар қандай мамлакатда жамият тараққиёти, иқтисодиётнинг юксалиши кўп жиҳатдан суд тизими фаолиятига боғлиқ. Чунки қонун устуворлиги, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган мамлакат ҳар жиҳатдан барқарор ривожланади. Жумладан, хорижий инвесторларнинг қизиқишлари ҳам ортиб боради.

Шу маънода давлат раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари соҳа ривожлантиришдаги навбатдаги муҳим босқични бошлаб берди.

Тизимга сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ҳужжат қандай ўзгаришларга асос бўлади? Аввало, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш назарда тутилган. Хусусан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш каби жиҳатлар амалиётга татбиқ этилади.

Шунингдек, фармонда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш, Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, фаолиятни рақамлаштириш бўйича «Кибер ҳуқуқ» йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш вазифалари ҳам белгиланганки, буларнинг барчаси одил судлов даражасини ошириш, фаолиятда самарадорликка эришишни назарда тутади.

Бундан ташқари, ҳужжат билан иқтисодий судлар тузилмаси ҳам оптималлаштирилмоқда. Мазкур янгилик мазкур соҳада ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли, албатта.

Ҳар бир соҳада бўлгани каби, суд тизимида ҳам юқори малакали кадрларни тайёрлаш ғоят муҳим масала. Чунки судья ишларни кўриш жараёнида инсон тақдирига дахлдор қарорлар қабул қилар экан, ундан холислик, ҳалоллик, журъатлилик, фидойилик каби фазилатлар билан бирга юксак билим, касбий кўникма ва тажриба ҳам талаб этилади. Шу маънода Президент фармони билан Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилганлиги муҳим воқелик бўлди. Таъкидлаш жоизки, мазкур академияда таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида «бўлажак судьяни судья ўқитади» тамойилига мувофиқ ташкил этилмоқда. Умуман, мазкур олий даргоҳ фаолияти бўлажак судяларда мустақил, холис, беғараз, фақат қонунга таянган ҳолда ва адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.

Мухтасар айтганда, вазифалари бир-бирига ҳамоҳанг юқоридаги икки фармон «Рақамли Ўзбекистон — 2030» Стратегиясида назарда тутилган мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш орқали одил судлов даражасини, халқимизнинг судларга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.

Шавкатжон Абдухаликов,

Андижон вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси