Андижонда

АНДИЖОН ФАРЗАНДЛАРИ: БЕЛОРУССИЯДА АСАКАЛИК ҚАҲРАМОН НОМИДАГИ МАКТАБ ВА КЎЧА БОР


04.11.2022   218

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти юристи Абдуҳолиқ Ҳусаинов Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, капитан Ғулом Ёқубов туғилиб ўсган Асака тумани, Хонақо маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган хонадонга ташриф буюрди.

Ғулом Ёқубов 1915 йилда туғилган. Иккинчи жаҳон уруши Қаҳрамони. Капитан Ғулом Ёқубов Белоруссия Республикасининг Гомель вилоятида душманга қарши олиб борилган жангларда жасорат ва матонат намуналарини кўрсатиб, қаҳрамонларча вафот этган ҳамда ушбу вилоятга дафн этилган.

Гомель вилоятининг 36-мактаби жамоаси қаҳрамон дафн этилган қабристонда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини доимий олиб борадилар.

- Энг муҳими, - деди суҳбат чоғида Абдуҳолиқ Ҳусаинов, - мазкур мактабга ва Белоруссия Республикасининг пойтахти Минск шаҳридаги кўчага Ғулом Ёқубов номи берилгани ўзбек ўғлонига, халқимизнинг мардонавор инсонийлик ва мардлик намуналарига кўрсатган эхтиромидир.

Учрашув давомида асакалик Қаҳрамоннинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўпланган қўшимча маълумот ва янгиликлар, оила аъзолари ва авлодлари ҳақидаги батафсил материалларни белорус ўқувчи-ёшларига етказиш мақсад қилинди.