АНДИЖОН-ГУЖАРАТ: МАНФААТЛИ КЕЛИШУВЛАРГА ЭРИШИЛДИ
19.04.2023 254
Андижон вилояти делегацияси Ҳиндистоннинг Гужарат штати Туризм ва маданият вазири Мулубай Хардашбай Бера ҳамда ўринбосари Харит Шукла билан учрашди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Учрашувда Гужарат ва Андижон вилояти ўртасида туризмни ривожлантириш, соҳа мутахассисларининг қисқа ўқув курсларини ташкил қилиш муҳокама қилинди. Гужарат аҳолисини Андижон ҳақида кўпроқ маълумот билан таъминлаш, хусусан, жорий йил октябрь ойида 9 кун мобайнида Гужаратда ташкил этиладиган маданият ва рақс фестивалининг бир кунини тўлиқ Андижон вилояти учун ажратиб беришга келишилди.
Шунингдек, Гужарат олий таълим департаменти раҳбари Мукеш Кумар билан икки ҳудуддаги олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Куннинг иккинчи қисмида Гужаратда фаолият юритувчи 20 дан ортиқ йирик туристик компаниялар ва уюшмалар учун Андижон вилоятининг туризм салоҳияти тақдимот қилинди ва келгусида ушбу компанияларни Андижон вилоятига инфотур учун ташриф буюриш масаласи муҳокама қилинди.
Сафар давомида кўплаб манфаатли келишувларга эришилди. Хусусан, Андижон давлат чет тиллар институти, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти ҳамда Ҳиндистоннинг “Bhagwant” университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Деҳли шаҳрида Андижон давлат тиббиёт институтининг 2 та ваколатхонаси очилиб, Андижон вилоятига талабаларни жалб қилиш билан шуғулланиши йўлга қўйилди.
Ҳамкорлик доирасида Ҳиндистон гастрономик ҳамда “Euroasiatravelsindia” туристик ташкилотлари раҳбариларининг май-июнь ойларида Андижон вилоятига ташрифи кутилмоқда.