Андижон халқаро аэропорти навбатдаги йирик ҳаво кемасини қабул қилди
04.07.2026 12
Кеча Андижон халқаро аэропорти Саудия Арабистонининг «Flyadeal» авиакомпаниясига тегишли «Airbus A330» ҳаво кемасини илк бор кутиб олди. Бортида 358 нафар йўловчи билан Мадина шаҳридан ҳавога кўтарилган самолёт Андижон заминига муваффақиятли қўнди.
Жамоатчилик фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги тантанали кутиб олиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов янги йўналишнинг илк йўловчилари ва зиёратчиларни қутлаб, уларга ўзининг самимий тилакларини билдирди.
Хабарингиз бор, Андижон халқаро аэропортида яқинда амалга оширилган кенг кўламли модернизация ва реконструкция ишларидан сўнг мана шундай йирик ва кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконияти кенгайди. Бу эса унинг минтақадаги муҳим авиация хабларидан бирига айланишига хизмат қилади.
Мазкур тарихий қадам Ўзбекистон ва Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида транспорт алоқаларини ривожлантириш ва зиёрат туризмини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим воқеликдир. Бундай тўғридан-тўғри қатнов аввало ортиқча трансфер ва оворагарчиликлардан ҳоли бўлганлиги боис йўловчиларнинг вақти ва маблағини тежайди. Қолаверса, самолёт бортининг юқори сиғимга эгалиги ҳам Фарғона водийси аҳолиси, хусусан, андижонликларнинг ҳаво транспортидан фойдаланиш борасидаги истак ва эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамиятга эга.
«Flyadeal» авиакомпанияси кемаларининг Андижонга парвозини йўлга қўйган тадбиркор Беҳрузбек Йўлдошевнинг таъкидлашича, авиақатновлар ҳафтанинг жума кунлари «Мадина — Андижон — Мадина» йўналиши бўйича мунтазам равишда амалга оширилади. Келгусида парвозлар сонини кўпайтириш режалаштирилган.
Ўз мухбиримиз.