Андижонда

Андижон – халқаро таълим ва тиббиёт интеграцияси марказларидан бири


08.09.2026   601

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, қамровни кенгайтириш ва таълим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Статистик маълумотларга назар ташласак, сўнгги 10 йил ичида республикамизда олий ўқув юртлари сони 77 тадан 205 тага етказилди, талабалар қамрови эса 9 фоиздан 44 фоизгача ошди. Бу каби жадал ислоҳотлар нафақат маҳаллий ёшлар учун имкониятлар эшигини очди, балки Ўзбекистонни минтақавий ва глобал таълим хабига айлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

Бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим муассасаларида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан келган 24 647 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда. Ушбу кўрсаткичда энг катта улуш тиббиёт йўналишига тўғри келиб, хорижлик талабаларнинг 67 фоизи (16 476 нафари) айнан шу соҳани танлаган. Мамлакат миқёсидаги ушбу интеграцион жараёнларда Фарғона водийсининг йирик илм-фан маркази бўлган Андижон вилояти, хусусан, Андижон давлат тиббиёт институти (АДТИ) етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари томонидан таълим ва тиббиёт туризмини ривожлантириш, хорижий инвесторлар ҳамда шериклар билан манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида Андижон вилоятида салмоқли натижаларга эришилди.

Вилоятда хорижий талабаларни жалб этиш ва уларга халқаро андозаларга мос шароит яратиш борасида АДТИ алоҳида ажралиб туради. Хусусан, ушбу олийгоҳ республика бўйича хорижий талабалар контингенти бўйича кучли ТОП-10 таликка киради (институтда 1 410 нафардан ортиқ хорижлик талаба таҳсил олмоқда).

Халқаро майдонда институционал иштирокни таъминлаш мақсадида Ҳиндистоннинг Деҳли ва Баларампур шаҳарларида институтнинг 3 та ваколатли офиси, шунингдек, Жанубий Кореянинг Гангнам-гу туманида расмий офиси очилди. Ушбу хорижий ваколатхоналар институтни чет элда тарғиб қилиш, абитуриентларга шаффоф ва тўлиқ маълумот бериш ҳамда талабалар оқимини барқарор оширишда муҳим кўприк вазифасини ўтамоқда.

Алоҳида қайд этиш жоиз, хорижий ёшларнинг Андижонни танлаши тасодифий эмас. Бунинг ортида таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини амалиёт билан чамбарчас боғлаш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги тинимсиз меҳнат ётади.

Шу билан бирга, Андижон олий таълим тизими нафақат талабалар қабул қилиш, балки халқаро даражадаги тадқиқот ва тажриба алмашинувини ҳам фаол олиб бормоқда. Ҳиндистоннинг нуфузли “Аполло” клиникалар тармоғи, “ACN Group of Institutions”, “Dr. D.Y. Patil University”, шунингдек, Жанубий Кореянинг Миллий транспорт университети ва “Корея женьшень экспорт” компанияси билан ўрнатилган манфаатли алоқалар шулар жумласидандир.

Ушбу ҳамкорликлар доирасида вилоятга юқори технологик амалиётларни, хусусан, жигар, буйрак, юрак трансплантологиясини олиб кириш ва маҳаллий мутахассислар малакасини ошириш, тиббий биоинженеринг, аюрведа ва халқ табобати йўналишларида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда Шарқ тиббиёти ва ўсимликлар асосида дори-дармон воситалари тайёрлаш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилган.

Андижон вилоятида хорижий талабалар учун яратилаётган шароитлар, таълим ва амалиётнинг уйғунлиги, халқаро ваколатхоналарнинг фаолияти вилоятнинг нафақат республика, балки Марказий Осиёдаги муҳим таълим ва тиббиёт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамламоқда. Инновацион ёндашув, бағрикенглик ва юқори академик муҳит Андижонни хорижлик ёшлар учун жозибадор ва ишончли келажак масканига айлантиришда давом этади.

Равшанбек Абдураҳимов,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси мутахассиси