Андижонда

АНДИЖОН –КРАСНОДАР: ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧДА


16.05.2022   483

Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида Андижон савдо уйи очилиши мумкин. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Ҳамраев Краснодар ўлкаси губернатори ўринбосари Александр Руппел раҳбарлигидаги ҳамкорлар билан видеоконференция чоғида шундай таклиф билан чиқди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Онлайн мулоқот давомида томонлар Андижон вилояти ва Краснодар ўлкаси тадбиркорлари ўртасидаги инвестиция, туризм ва иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичда давом эттириш юзасидан фикр алмашдилар.

Бундан ташқари, туризм, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги имкониятлар атрофлича муҳокама қилинди. Якунида томонлар барча масалаларни йўл харитасига киритиб, тез фурсатларда ҳал этишга келишиб олишган.

Краснодар ўлкаси маъмурияти матбуот хизмати хабарига кўра, Кубан бизнеси Ўзбекистонга мева-сабзавот ва вино маҳсулотлари, шунингдек, озиқ-овқат ускуналарини экспорт қилмоқчи. Импортдан тўқимачилик маҳсулотлари асосий қизиқиш уйғотади.

300 дан ортиқ краснодарлик тадбиркорлар Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда. Улар орасида кийим-кечак, пойабзал, чарм буюмлар, мебель ишлаб чиқарувчилар бор.