Атрофга назар

АНДИЖОН ШАҲАР ПРОКУРОРИ, АДЛИЯ КАТТА МАСЛАҲАТЧИСИ ФАРҲОДЖОН РАҲМАНОВНИНГ ШАҲРИМИЗ АҲОЛИСИГА ПРОФИЛАКТИК МУРОЖААТИ


20.10.2025   61

Ҳурматли Андижонликлар ва шаҳримиз меҳмонлари!

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йилги маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида қабул қилинган қатор тегишли қарорларига асосан шаҳримиздаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тадбирлар кенг қамровда амалга оширилмоқда.

Хусусан, аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар ўтказиш билан биргаликда, ички ишлар органлари ҳамда ҳамкор идоралар томонидан пробация ва профилактик ҳисобда турувчи, шунингдек муқаддам жиноят содир этган ва жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар, алоҳида тоифадаги ёшлар ҳамда аёллар билан учрашувлар ўтказилиб, муаммолар босқичма-босқич бартараф этилмоқда.

Сўнгги вақтларда шаҳар ҳудудида тиғли предмет билан баданга шикаст етказиш ҳолатлари учраб турганлиги боис, шаҳар ҳудудида кенг қамровли “Хавфсиз шаҳар” махсус профилактик тадбири ўтказилмоқда. Тадбирлар давомида жамоат жойларида олиб юрилган мингдан ортиқ тиғли предметлар олиб қўйилиб, ҳуқуқбузарларга чора кўрилди.

Шу билан бирга, янги ўқув йилининг бошланганлиги муносабати билан бу борадаги тадбирларни ўтказишда мактаб ва ўқув муассасаларида ўқувчи ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан, шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёларни жамоат жойларида олиб юрмасликларини сўраб, бундай ҳуқуқбузарлик амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишга сабаб бўлишини эслатиб ўтаман.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шаҳримиз ҳудудидаги маҳаллаларда содир этилган олдини олиш мумкин бўлган баданга шикаст етказиш, ўғирлик, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш орқали шикаст етказиш каби жиноятлар салмоғи ортган.

Шунингдек, таҳлиллардан келиб чиқиб, шаҳар ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга чек қўйиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда жамиятимиз ҳаётида учраб турган маиший коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга ошириш долзарб ва кўпчилик аҳолига дахлдор масала.

Бундан ташқари, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир маҳаллада ўтказилаётган танқидий муҳокамалардан тўғри хулоса чиқариб, масулларнинг эътиборини маҳаллада кузатилаётган ҳолатларга қаратиб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмакчи бўлишингизни сўраб қоламан.

Зеро, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўраклашиш юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

Ҳалқимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича белгилаб берилган вазифаларни бажаришда барча куч ва воситаларни тўлиқ сафарбар этамиз.