Андижон шаҳри ва Избоскан туманида жами 320 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланган новвойхоналар аниқланди
30.01.2026 14
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раисининг тегишли топшириғи билан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Шундай тадбирлардан бири "Ҳудудгаз Андижон" газ таъминоти филиали комплайенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари, Ўзенергоинспекция ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида Андижон вилояти Избоскан тумани ва Андижон шаҳарларида ўтказилди.
Избоскан тумандаги "Қашқарлик" МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро хонадонида табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, хонадонда табиий газ тармоғига ваколатли ташкилотлардан рухсат олмасдан, ўзбошимчалик билан тижорат мақсадида шартномасиз, лойиҳа техник ҳужжатларсиз, ҳисоблагичдан ташқари 2 дона миллий тандир, 1 дона иситиш печи учун табиий газдан фойдаланаётганлиги ҳамда истеъмолчи ўз тушунтириш хатида махаллий тармоқ хонадони ичидан ўтганлигини, ушбу тармоқдан резина шланг орқали фойдаланиб келинаётгани аниқланди.Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 237 миллион 453 минг сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Андижон шаҳридаги "Чўлпон 100 йиллиги" МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро М. Ғ. хонадонида табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, хонадонда ўзбошимчалик билан лойиҳа техник ҳужжатлардан ташқари ортиқча ускуналар орқали ҳисоблагичнинг рухсат этилган максимал ўлчаш чегарасидан четга чиққан ҳолда газдан фойдаланиб келинаётгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, 83 миллион 700 минг сўм зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Тўпланган барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
