Андижон шаҳрида энергия хавфсизлиги ва куз-қиш мавсумига тайёргарликка бағишланган семинар ўтказилди
14.11.2024 526
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Энергетика вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда “Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш юзасидан” қўшма қарор ишлаб чиқилган. Ушбу қарорга кўра, 2024 йилнинг ноябрь ойи “Энергетика хавфсизлиги ойлиги” этиб белгиланди. Шу муносабат билан аҳоли орасида электр энергиясини ва табиий газни иқтисод қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича Андижон шаҳридаҳам кўргазмали амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда шаҳар ҳокими ва прокурори, барча тегишли корхона ва ташкилотлар вакиллари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, йирик энергия истеъмолчилари ва аҳоли вакиллари иштирок этиб, мавсумий энергия хавфсизлиги ҳамда фуқароларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда шаҳарда электр энергия ва табиий газни иқтисод қилиш, энерготежамкор ускуналарни кенг жорий қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларини қиш мавсумига шай ҳолатга келтириш, мавсум давомида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тадбирларини янада самарали ташкил этиш ҳамда барча зарурий чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, аҳоли учун хавфсиз ва узлуксиз энергия таъминотини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди ва масъул ташкилотларнинг мавсумга тайёргарлик бўйича амалга ошираётган ишлари бўйича ҳисоботлари тингланди.
“...Истеъмолчиларимиз учун энергия тежамкор ёндиргичларнинг афзал томонлари кўп, — дейди “Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Шерзодбек Холиқов. — Масалан, у хавфсиз ҳисобланади, яъни босим пасайиб-кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади. Ҳозир аҳоли хонадонларида шаҳар газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирларимизда бу ҳақида тушунчалар берилмоқда...”
Тадбир якунида аҳолига энергия ресурсларидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш бўйича тушунчалар берилиб, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати