Андижонда

АНДИЖОН ШАҲРИДА ГАЗДАН ҚОИДАБУЗАРЛИК БИЛАН ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА 148 ТА ҲОЛАТ АНИҚЛАНДИ


17.03.2023   174

Истеъмолчилар орасида қарздорлик бўйича автоматик тарзда табиий газ етказилиши тўхтатилгандан сўнг, ўзбошимчалик билан электрон газ ҳисоблаш ускунасини ечиб олиб, резина шланглар орқали тармоққа уланиб олган ва табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланаётганлар йўқ эмас.

“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиалининг “Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими мутахассислари Андижон шаҳрининг Пиёзпоя даҳасидаги маҳалла хонадонларни хатловдан ўтказилди. Жараёнда истеъмолчилар томонидан ГҲУни олиб қўйиш, тамға бузилиши ва шунга ўхшаш табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Ечиб олинган электрон газ ҳисоблаш ускуналари қайта ўрнатилиб, ўтган давр учун меъёр асосида қайта ҳисоб-китоб қилинди ва истеъмолчиларга нисбатан жарималар қўлланилди. Қарздорлиги юқори бўлган хонадонлар эса, тармоқдан узилиб, табиий газ етказиб берилиши тўхтатилди.

“Бу муаммони бартараф этиш учун “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳаси катта ёрдам бермоқда, — дейди “Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлимининг аҳоли билан ишлаш хизмати бўлим бошлиғи Акмалжон Саттаров. — Бугун барча истеъмолчиларимиз “ақлли” газ ҳисоблагичларимизни ишлаш тартибини тўла тушуниб олганлар. Шунга қарамасдан, афсуски, истеъмолчилар орасида қарздорлик бўйича автоматик тарзда табиий газ бериши тўхтатилгандан сўнг ўзбошимчалик билан электрон газ ҳисоблаш ускунасини ечиб олиб, резина шланглар орқали тармоққа уланиб олган ва табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, ўтган январь ва февраль ойларида Андижон шаҳри бўйича148 та ҳолатда ана шундай қонунбузилишлар аниқланиб,қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди ҳамдауларга нисбатан 335 млн. сўмлик жарималар ҳисобланди. 1 млрд. 452 млн. сўмлик 768 та ҳолат бўйича ҳужжатлар ундирув учун суд органларига юборилди.

“Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали матбуот хизмати