Андижонда

Андижон шаҳрида ҳаво ҳароратининг даражасидан қатъий назар ГТПлардаги режим-созлаш ишлари олиб борилмоқда


28.01.2026   32

Қишнинг қаҳратон кунларида ишлашни ўзи бўлмайди. Мана шундай кунларда ҳам аҳолига газ етказиб беришда чилангарларнинг хизмати беқиёс. Кунлик газ тармоқларининг назорати ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларидаги режим-созлаш ишларини олиб бориш ҳаво ҳароратининг даражасидан қатъий назар олиб борилмоқда. Соҳа ходимлари эса мана шундай совуқ кунларда ҳам ўз вазифаларини масъулият билан амалга оширмоқдалар.

“Андижоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ходимлари ҳам аёзли кунларда шаҳар аҳолисини табиий газ билан бир маромда таъминлаш учун туну кун ишламоқдалар. Бугун улар ўз фаолиятларини 24/7 режимида олиб боришиб, ҳар икки соатда шаҳарни таъминловчи автоматик газ тақсимлаш шохобчаларидан чиққан газ тақсимлаш пунктларидаги босимни назоратдан ўтказмоқдалар. Бунда Куйганёр, Боғишамол, Бўстон ва Кўмакай шохобчаларидаги тармоқлар доимиз кўздан кечирилади. Шунингдек, кўп қаватли уйларни табиий газ билан таъминловчи газ тақсимлаш пунткларини ҳам доимий равишда кўздан кечириш ва режим-созлаш ишларини олиб бориш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Шаҳар газ таъминоти бўлимида кунлик режим ишларидан ташқари авария бригадаларининг ҳам фаолиятлари зарурийдир. Газ сизиб чиқиш ҳолати ёки бошқа авариявий ҳолатда мазкур бригадалар зудлик билан жойлардаги аварияларни бартараф этиб келмоқдалар.

“...Шаҳарни табиий газ билан таъминловчи 98 та газ тақсимлаш пунктлари мавжуд, - дейди шаҳар газ таъминоти бўлими мутахассиси Шуҳратбек Нуралиев. – Уларни назоратдан ўтказишда кирувчи ва чиқувчи босимларни ўлчаш, хонадонларга бир маромда газ боришини таъминлашда доимий кузатув зарур...”

Қаҳратон совуқ, қорли ва ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамай, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ҳамда унинг барча шаҳар-туман бўлимлари ишчи-ходимлари туну кун фаолият олиб бормоқдалар. Газчиларимиз томонидан газ тармоқларида босимни бир меъёрда сақлаш, узлуксиз газ таъминотини таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш ва табиий газ етказиб бериш чораларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати