Андижонда

АНДИЖОН ШАҲРИДА ВИЛОЯТ СУДИ РАИСИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ ЎТКАЗИЛДИ


24.11.2022   241

Андижон шаҳридаги “Баркамол авлод” маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев сайёр қабул ўтказди. Мулоқотлар жараёнида йигирмадан зиёд фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди.


Қабулда арзгўйлар томонидан оилавий низолар, никоҳни бекор қилиш, алимент, уй-жой билан боғлиқ келишмовчиликлар, жиноят иши бўйича судланувчига енгиллик бериш каби масалалар кун тартибига қўйилди. Мазкур мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, барчасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Суд томонидан белгиланган мажбуриятларни бажариш чоғида қилмишидан хулоса чиқарган ҳамда ижтимоий фойдали, ҳалол меҳнат билан шуғуллана бошлаган шахсларни жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш амалиёти халқимизга хос инсонпарварлик фазилатларининг қонунчиликдаги акси десак муболаға бўлмайди. Қабул жараёнида ҳам айни тамойилдан келиб чиқиб, пробация ҳисобида туриб, жазо муддатини ўтаётган 8 нафар шахсга қонуний енгиллик берилди.