Андижонда

Андижон шаҳридаги хонадонларнинг табиий газ таъминоти янада яхшилаш ишлари якунига етказилмоқда


23.12.2024   128

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг қурилиш-монтаж бошқармаси томонидан Андижон шаҳридаги “Ўзбекистон” кўчаси бўйлаб 1.3 км газ қувурини тортиш ишлари ўз ниҳоясига етказилмоқда. Диаметри 159 мм бўлган янги қувурлари пайнвандланиб, ер усти тармоғи сифатида тортилди. Куни кеча эса, Андижон шаҳрига кирувчи автомобил йўлидан кесиб ўтувчи тармоқни улаш ишлари амалга оширилди. Дастлаб, махсус техника воситалари ёрдамида йўл ковланди ва унга газ қувури изоляциланган ҳолда ётқизилди ҳамда станционар газ тақсимлаш қурилмасига уланди.

“..Мазкур тармоқнинг қурилиши натижасида шаҳарнинг “Форобий”, “Мустақилликнинг 21 йиллиги”, “Чўлпон 100 йиллиги”, “Сарвонтепа” ҳамда “Узумзор” маҳалла фуқаролар йиғинлари ўрамларидаги 4 мингга яқин аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминоти янада яхшиланишига эришилади ва куз-қиш мавсумидан беталофат чиқишига замин яратилади..”, - дейди Филиал бош муҳандиси Хуршидбек Қодиров.

Шаҳар газ таъминотини янада яхшилаш, мавсумда аҳолига бир маромда газ етказиб бериш мақсадида амалга оширилаётган мазкур ишлар мутахассислар томонидан қилинган лойиҳалардан биридир. Бунда, “Кўмакай” автоматик газ тарқатиш шохобчасини тармоғига уланиши режалаштирилаётган тармоқ газ босимини бир маромда етказилишида муҳим аҳамият касб этади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати