Андижонда

АНДИЖОН ТИББИЁТ СОҲАСИДА НАМУНАВИЙ ҲУДУДГА АЙЛАНТИРИЛАДИ - ССВ


23.01.2022   479

«Энг чекка қишлоқларда яшовчи одамлар ҳам сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиниши шарт!» Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш тизими олдига ана шундай талабни қўймоқда. Бунинг учун эса соҳада ҳали кўп ислоҳотларни амалга ошириш тақозо этилади,

Масалан, бугун Андижон вилояти тиббиёт муассасасалари фаолиятида қандай муаммолар бор? Аҳоли кўпроқ нимадан норози? Шифокору ҳамшираларни қайси масалалар ташвишга солмоқда? Оғриқли нуқталар қаерда?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ бу саволларга жавоб топиш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида тезкор ҳал этиш мақсадида вилоятимизда бўлишди.

Ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад аниқ. Президентимиз яқинда тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказмоқчи. Ҳозир бу тадбир олдидан соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг таклифлари қабул қилинмоқда. Ўз навбатида, йўлланган мурожаатларда акс этган масалалар ўрганилиб, ўз ечимини топаяпти, дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида..

Ишчи гуруҳ вилоятимиздаги қатор даволаш муассасаларида бўлиб, уларда яратилган шароитларни ўргангач, ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан мулоқот ўтказди.

Унда қайд этилганидек, Давлатимиз раҳбари ўтган йили вилоятда ўтказилган сайловолди учрашувида аҳоли соғлиғини асраш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаш бўйича Андижонни намунавий ҳудудга айлантириш хусусида сўз юритган эди.

Бунинг учун, авваламбор, бирламчи тиббиёт бўғини такомиллаштирилиб, жойларда янги оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларини ташкил этиш, мавжуд тиббиёт муассасаларини тўлиқ таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Қатор туманларда перинатал ҳамда ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиши мақсад қилинган.

Шунингдек, вилоятда аҳолига юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кескин кенгайтириш, хусусий тиббиёт муассасалари сонини кўпайтириш режалаштирилган.

Учрашувда Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотига Андижон вилоятидан 988 та мурожаат келиб тушгани, шундан 546 таси соғлиқни сақлаш тизими ходимларига, қолган қисми эса фуқароларга тегишли эканлиги айтилди.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ мамлакатимизда коронавируснинг янги штамми кенг тарқалишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борадаги муҳим тавсиялар ҳақида тўхталди.

COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши туфайли пойтахт тажрибаси асосида Андижонда ҳам куну тун ишлайдиган махсус поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳам айтилди.

Шундан сўнг савол-жавоблар давомида мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш, иш ўринлари, меҳнат шароити, кадрлар малакаси, тиббий ускуна ва жиҳозлар таъминоти, тиббий кўрикларни ташкил этиш каби масалалар юзасидан мурожаатларни тезкор ҳал этиш учун тизим мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Учрашувда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев иштирок этди ва сўзга чиқди.