Андижонда

Андижон туманида истеъмолчиларни табиий газ билан таъминловчи тармоқларни ягона тармоққа бирлаштириш ишлари бошланди


11.02.2026   64

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси М. Ходжаев Андижондаги “Фарғона магистрал газ қувурлари бошқармаси”га қарашли “Куйганёр” автоматик газ тақсимлаш шохобчасида бўлган ва шохобча чиқиш қисмидаги газ тармоқларини тартиблаш бўйича “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали масъулларига тегишли топшириқлар берган эди. Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида “Куйганёр” АГТШдан Андижон туманидаги истеъмолчиларни табиий газ билан таъминловчи тармоқларни ягона тармоққа бирлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

“...Мазкур тармоқлар йиллар давомида тортилган бўлиб, бугунги кунда газ босими пасайган вақтда аҳоли газ таъминотида қийинчиликлар туғдирмоқда,- дейди Филиалнинг Қурилиш ва монтаж бўлими бошлиғи Бахтиёржон Қодиров. – Мақсад имкон қадар ягона тармоқда газ босимини аҳоли турар жойларига янада яқинроқ олиб келиш ва истеъмолчиларни бир маромда газ билан таъминлашдир...”

Ҳозирда Филиалнинг Қурилиш ва монтаж бошқамаси томонидан диаметри Д-219 мм бўлган газ қувурини тортиш ишлари бошлаб юборилган ва 480 метр режалаштирилган газ қувурининг 350 метр қисми тортиб бўлинди. Иситиш мавсуми якунига қадар режадаги қувур тортилиб, шохобча чиқиш қисмидаги турли ўлчамдаги газ қувурлари демонтаж қилинади ва ягона тармоққа бирлаштирилади. Сўнгра махсус коллектор қурилиб, газ гидравликасини яхшилашга ва таъминот барқарорлигига эришилади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати