Андижонда

АНДИЖОН ТУМАНИДА ИЖАРАГА ЕР ОЛГАН ДЕҲҚОНЛАР БИЛАН ИШЧИ ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ


24.03.2022   756

Андижон тумани – вилоятнинг деҳқончилик маданияти шаклланган ҳудудларидан бири. Туманда кафтдек ердан ҳам унумли фойдаланиб, йил давомида тўрт мартагача ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган оилалар бисёр. Шу боис ҳам Наврўз айёми – очиқ электрон танловда ғолиб бўлиб, ўн йил муддатга 10 сотихдан ижарага ер олган ана шундай хонадон вакиллари учун қўшалоқ шодиёнага айланди. Ернинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини туғма деҳқонларчалик биладиган борми ахир?!


Юртимизда Наврўз шукуҳи кезиб юрган айни кунларда тегишли ишчи гуруҳлари, жумладан, судьялар маҳаллаларда бўлиб, аҳоли вакилларини ерга эгадор бўлганлиги билан табрикладилар. Мулоқотларда давлат томонидан аҳолининг кенг қатламларини меҳнат билан банд қилиш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдорининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши каби масалаларда фуқароларни қизиқтирган саволларга атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, ижарага ажратилган ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича Олий суд томонидан тайёрланган методик қўлланмалар тақдим этилди.