Андижон туманида табиий газдан шаклланган юқори дебитор қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда

08.08.2025 171
Бугунги кунда “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳаси доирасида аҳоли хонадонларига ўрнатилган замонавий электрон газ ҳисоблаш ускуналари орқали етказиб берилаётган табиий газ автоматик тарзда ҳисобланмоқда.Афсуски,истеъмолчилар орасида ўз мажбуриятларини бажармай, табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмасдан унга совуққонлик билан қараётганлар ҳам топилади. Натижада, фуқаролар орасида қарздорлик сабаб табиий газ бериш тўхтатилган ёки юқори қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар ҳам мавжуд. Ушбу истеъмолчиларга қарздорлигидан аввал смс-хабарномалар юборилган бўлсада, табиий газдан фойдаланишда давом этган ва натижада юқоридаги қарздорлик келиб чиққан.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг барча шаҳар-туман бўлимлари томонидан жойларда қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, қарздорликни ундириш ва қарздорлар ҳужжатларини суд-ҳуқуқ органларига топшириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Ана шундай амалий ҳаракатлар Андижон туманида ҳам давом эттирилмоқда.
“Андижонтумангаз” газ таъминоти бўлимининг мутахассислари бўлим бошлиғи Шавкатбек Қодиров бошчилигида туманининг “Чем” ҳамда“Оғуллик” МФЙларида табиий газдан дебитор қарздорлиги 5 млн. сўмдан юқори бўлган аҳоли хонадонларидан қарздорликни ундириш жараёнларини амалга оширмоқдалар.
“...Дебитор қарздорликни камайтириш бўйича қарздорларга нисбатан кескин чораалар кўрилмоқда, - дейди “Андижонтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Шавкатбек Қодиров. – Бугун ҳам 5 та хонадонни 2 млн 633 минг сўмлик қарздорлиги бўйича қайта хатловдан ўтказдик ва ўргандик. Истеъмолчилар билан суҳбатлашилди. Ҳозирда 4 та хонадондан 8 млн 270 минг сўмлик қарздорлик ундирилди ва 4 нафар фуқаронинг табиий газ тармоғи қарздорлиги учун пайвандлаш йўли билан тармоқдан ажратилди...”
Бугунги кунда Андижон туманида 20 минг 744 нафар фуқаро табиий газ истеъмолчилари ҳисобланадилар. Уларнинг 80 нафарини табиий газдан 5 млн сўмдан юқори қарздорлиги мавжуд бўлиб, уларнинг жами 496 миллиондан ортиқ дебитор қарздорлиги шаклланган. Шу кунга қадар туман газ таъминоти корхонаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 72 нафарининг қарздорлиги бўйича даъво аризалари киритилди.Натижада 51 та қарздордан 91 млн сўмдан ортиқ маблағларни ундиришга эришилди. Шунингдек, 72 нафар фуқаронинг табиий газ тармоғи қарздорлиги учун пайвандлаш йўли билан тармоқдан ажратилди.
Дебитор қарздорликни ундирув бўйича ҳаракатлар жойларда давом этмоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати