Андижон туманининг “Чем” маҳалласи истеъмолчилари ҳам суюлтирилган газни Face ID тизими асосида олмоқдалар
10.04.2026 20
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан суюлтирилган газ етказиб беришдаги янги тажриба биринчилардан бўлиб Андижон туманида татбиқ этилиши бошланган эди. Чилангар Қуёшбек Бўтақулов вилоятда суюлтирилган газ етказиб беришда илк маротаба махсус планшетдан фойдаланган ва дастур орқали газ етказиб беришни бошлаган эди.
“Чем” маҳалла фуқаролар йиғинига “Андижонтумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан 1314 дона маиший газ баллонлари ижара шартнома асосида тарқатилган. Аҳолининг маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 146 фоизни, истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги эса 40–45 кунни ташкил этмоқда. Ўтган давр мобайнида маҳалла аҳлига 65 тонна 560 кг газ етказиб берилган бўлиб, белгиланган режа 110 фоизга бажарилмоқда.
Мазкур маҳаллага ҳам газ тарқатиш жараёнида суюлтирилган газ етказиб беришдаги янги — Face ID тизими ҳақида батафсил маълумот берилмоқда. Маиший газ баллонидан фойдаланиш қоидалари, уларни хизмат кўрсатиш муддатлари бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилмоқда. Маҳалла аҳлининг ҳар бири ўз хонадонлари олдига бўшаган маиший газ баллонларини ҳам қўйиб қўйишибди. Демак, маҳаллада хонадонма-хонадон суюлтирилган газ тарқатиш тартиби аллақачон йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур янги тажриба аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришни тезлаштиради ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга ҳисса қўшади.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
