Атрофга назар

Андижон ва Гродно вилоятлари қишлоқ хўжалиги ҳамда мебель саноатида стратегик ҳамкорликни йўлга қўймоқда


07.07.2026   9

Айни кунларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлиб турибди.
Амалий учрашувлар доирасида бугун вилоят раҳбари Беларусь Республикаси Гродно вилояти губернатори Юрий Караев билан самарали музокаралар ўтказди.


Музокаралар давомида Андижон ички бозорини сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида 4 та устувор йўналиш бўйича келишувга эришилди:

Чорвачилик ва гўшт таъминоти: Гродно вилоятидаги ишламаётган чорвачилик комплексларини сотиб олиб, у ерда чорва етиштиришни йўлга қўйиш ва тайёр маҳсулотларни аҳоли учун арзон ҳамда сифатли гўшт сифатида Ўзбекистон бозорига йўналтириш;

Картошкачилик: Гроднода 3000 гектар майдонда юқори ҳосилдорликка эга картошка етиштиришни ташкил этиш;

Ёғоч экспорти: Беларусь ўрмончилик салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон мебель саноати учун сифатли ёғоч хомашёси етказиб беришни йўлга қўйиш;

Мебель саноати кооперацияси: Биринчи босқичда гроднолик тадбиркорлар маҳсулотлари сотуви учун Олтинкўл туманидаги мебель марказидан жой ажратиш, иккинчи босқичда эса маҳаллий ҳудудда қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш.


Музокаралар якунида томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни изчил ривожлантириш ва келишилган стратегик лойиҳаларни қисқа муддатларда ижро этишга тайёр эканликларини билдирдилар.


Андижон вилояти ҳокимлиги матбуоти хизмати