АНДИЖОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИДА ХОРИЖДАГИ ВАТАНДОШЛАРНИ АНДИЖОНГА ҚАЙТАРИШ МАСАЛАСИ ТАҲЛИЛИГА БАҒИШЛАНГАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ
12.03.2022 524
Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида хорижда бўлиб турган юртдошларимизни Ватанга қайтариш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида чора-тадбирлар асосида иш ташкил этилмоқда.
Вилоят ҳокимлигида хориждаги ватандошларни Андижонга қайтариш масаласи таҳлилига бағишланган мулоқот ўтказилди. Ҳозирда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар меҳнат шароитларини ўрганиш ҳамда уларнинг оила аъзоларидан хабар олиш ва муаммоларини аниқлаш бўйича вилоят ҳамда шаҳар-туманларда ишчи гуруҳлар ташкил этилганлиги ва улар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берилди.










Бугунги кунга қадар, турли мақсадларда яшаш манзилларидан узоқ муддатга чиқиб кетиб, ҳозирги кунда хорижда бўлиб турган 180 минг 661 нафар мигрантнинг 131 минг 96 таси ёки 79 фоизи хатловдан ўтказилди. Ўрганишда 22 минг 834 нафар ёки 13 фоиз мигрантлар қайтиб келганлиги, ушбу даврда 8 минг 27 нафари ёки 4 фоизи хорижга чиқиб кетганлиги маълум бўлди.
Жараёнда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Россия ва Украина давлатларида яшаб, таҳсил олаётган ҳамда меҳнат қилаётган андижонликлар билан ҳам алоқа тизими орқали бевосита суҳбат ўтказди.
Мулоқоти давомида вилоят раҳбарига хориждаги юртдошларимиз фуқаролик паспорти билан боғлиқ, ишсизлик, оилавий ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги бўйича мурожаатларини билдирдилар.
Ўз ўрнида вилоят ҳокими мутасаддиларга мурожаатларни тез фурсатларда ижобий ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди. Сўнги йилларда вилоятимизда янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушганлиги ва бунинг натижасида кўплаб фуқароларимиз даромадли иш билан таъминланаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, Андижонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари ва унинг аҳамияти, ишсизликни камайтириш, аҳолини даромадини ошириш ва хорижий технологияларни бошқаришда ёшларни ўрни ҳамда уларга яратилаётган шароитлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Учрашувда Украина давлатида таҳсил олаётган, айни дамдаги сиёсий вазият сабаб Президентимиз ташаббуси билан юртимизга олиб келинган талаба ёшлар берилган бундай имкониятлардан мамнун эканликлари ҳақида сўзладилар.
Мулоқот давомида вилоятимизда «Ҳамюртларимизни Андижонга қайтариш, уларни ва оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ойлиги» бошланганлиги эълон қилинди.
Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлмасинлар улар давлат ҳимоясида.
Манба: Андижон вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати телеграмм канали.
