Андижонда

Андижон вилояти прокурори “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди


13.11.2024   762

Истеъмолчиларга табиий ва суюлтирилган газни барқарор ва узлуксиз етказиб бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини назорат қилиш мақсадида Андижон вилояти прокурори Муродилло Абдуҳакимов “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида бўлди.

Ташриф давомида дастлаб Филиалнинг Марказий-диспетчерлик хизмати фаолияти билан танишилди. Унда мавсум давомида истеъмолчилардан келиб тушадиган мурожаатлар, уларни тезкорлик билан ҳал этиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.

“...Бугунги кунда Филиалда истеъмолчиларга қулайлик яратиш, ходим ва истеъмолчи орасидаги муомала маданиятини янада яхшилаш, ҳар бир чақирувга эътибор қаратиш ва уни зудлик билан бартараф этиш мақсадида марказлашган нозимлик хизмати ташкил этилган, - дейди Филиал бош муҳандиси Хуршидбек Қодиров. - Вилоят бўйича тезкор чақирув хизматини сифатли ташкил этиш учун 10 дона стационар телефонлар ҳамда филиаллар учун 18 та уяли алоқа телефонлари мавжуд. Ҳозирда нозимлик хизматида узлуксиз ишлаш тартиби йўлга қўйилган. Сутка мобайнида 3 та нозим мурожаатларни қабул қилади ва тегишли филиалларга йўналтирлади. Барча филиалларда узлуксиз ишловчи навбатчи чилангар, авария хизмати машинаси ҳамда ҳайдовчилар мавжуд. Энди мурожаат этаётган фуқаро вилоятимизнинг қайси туманида истиқомат қилишидан қатъий назар, 104 рақамига телефон қилса барча мурожаатлар марказлашган нозимлик хизматига келиб тушади...”

Вилоят прокурори М.Абдуҳакимов учрашув давомида газни тежаш ва энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини ҳам олиб бориш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ис газидан заҳарланиш ҳолатларини олдини олиш, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни тезкор ва ижобий ҳал этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Филиал директори Давронбек Аҳмедов томонидан ўз навбатида мавсумга тайёргарлик борасида қилинган ишлар ҳамда заҳира омборлар, улардаги мавжуд материаллар, табиий газни тежаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати