Андижон вилоятида маиший газ баллонларидаги NFC чиплари орқали суюлтирилган газ етказиб бериш бошланди
07.12.2025 117
Бугунги кунда Андижон вилоятида 494 минг 586 нафар суюлтирилган газ истеъмолчилари “зангори ёқилғи”дан фойдаланиб келмоқдалар. Улар маиший ҳаётларида 625 мингдан ортиқ газ баллонларини ишлатишади. Ҳар бир истеъмолчи онлайн тизим ҳақида аллақачон маълумотга эга бўлган, суюлтирилган газ олишда махсус IDкарталардан фойдаланиб келишади. Газ етказиб берувчи махсус автотранспорт воситасида эса назорат тарозиси одамлар хизматига доимо шай. Агар истеъмолчи мурожаат қилса, ўша шахсга дарров газ баллони тарозига қўйиб, назоратдан ўтказилиб берилади. Шу кунгача аҳолига газ етказиб беришда онлайн тизим асосида махсус ID карталар орқали етказиб берилмоқда эди. Бунда чилангарлар мобил телефонлари орқали “E-gaz” дастурини ишлатишар ва тўловларни амалга оширишар эди.
“... “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан суюлтирилган газ етказиб беришдаги янги тажриба амалиётга татбиқ этилиши давом эттирилмоқда, - дейди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ “Маҳалла истеъмолчиларига суюлтирилган газ етказиб бериш” бошқармаси бошлиғи Акмалжон Жўраев. – Шу кунга қадар истеъмолчиларга Face ID тизими орқали газ етказиб беришни йўлга қўйишда давом этаяпмиз. Энди ҳар бир маиший газ баллонлари махсус чиплар орқали аҳолига етказиб берилади. Мазкур чиплар маиший газ баллонлар айланмаси ва ҳаракатини кузатишга имкон беради. Бу орқали истеъмолчиларга газни манзилли етказиб беришга эришамиз ҳамда суюлтирилган газ етказишдаги талон-тарожлик ва ноқонуний баллон айланмасини олдини олишга хизмат қилади..”
Ана шу тажриба республикада биринчилардан бўлиб Андижон шаҳридаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида йўлга қўйилиши бошланди. Мазкур маҳалла газ олишда тартибга тушган, истеъмолчилар ўз хонадонлари олдида баллонлари билан кутиб туришади. Мазкур тажриба бошланишидан олдин “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вакиллари ҳамда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директори Давронбек Аҳмедов маҳалла аҳли билан учрашди. Суҳбат давомида суюлтирилган газ етказиб бериш тизимига ҳам рақамлаштиришнинг татбиқ этилаётганлиги, янги тизимнинг қулайлиги ва шаффофликка эришишда қўл келиши алоҳида таъкидланди.
Хулоса қилииб айтган мазкур янги тажриба аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришни тезлаштиради в уларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга ҳисса қўшади
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
