Андижонда

Андижон вилоятида суюлтирилган газ истеъмолчилари хатловдан ўтказилмоқда


28.04.2025   528

Бугун Андижон вилоятида 492 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчилари истиқомат қилмоқда. Уларга шаҳар-туман газ таъминоти бўлимиларининг 90 дан ортиқ махсус автотранспорт воситаси ҳамда 5 та газ тўлдириш шохобчаси орқали хизмат кўрсатилмоқда.

Ўтган йиллар давомида аҳолига газ етказиб беришда турли хил саволлар, мурожаатлар оқими кўпайди. Ана шу мурожаатлар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича эса “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раиси М.Ходжаев топшириғи билан махсус ишчи гуруҳ тузилди. Мазкур ишчи гуруҳ эса бугунги кунда тумандаги суюлтирилган газ истеъмолчиларини хатловдан ўтказмоқдалар.

“Бугунги кунга қадар Жалақудуқ, Қўрғонтепа туманлари ва Хонобод ҳамда Қорасув шаҳарларидаги хонадонлар хатловдан ўтказилмоқда, - дейди Филиал директорининг суюлтирилган газ масалалари бўийча ўринбосари Шокиржон Қўзибоев. – Хатлов давомида ҳар бир истеъмолчи билан суҳбатлашилмоқда. Хонадондаги маиший газ баллонлари сони, истеъмолчиларнинг сони ва бошқа тегишли жиҳатлар ҳақида гапирилмоқда..”

Хатлов давомида истеъмолчиларга суюлтирилган газдан фойдаланиш тартиблари, ID карталар ва онлайн тизимнинг афзалликлари, назорат тарозилари ҳақида маълумотлар берилмоқда. Шунингдек, хавфсиз ва оқилона фойдаланишда нималарга эътибор бериш зарурлиги, аслида суюлтирилган газни ишлатиш тартиблари, маиший газ баллонни сақлаш қоидалари ва бошқа тегишли масалалар бўйича тавсиялар берилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати