Андижонда

Андижонда 28 мингдан ортиқ истеъмолчининг газ жиҳозлари замонавийсига алмаштирилди


27.08.2024   717

Бугунги кунда ер юзида барча турдаги энергия ресурсларига бўлган талаб ошиб боряпти. Шу ўринда истеъмолчилар орасида ресурслардан фойдаланиш маданиятини босқичма-босқич ошириб бориш муҳимдир. Заҳиралар абадий эмас ва улар тобора камайиб бораётган бир вақтда ресурслардан самарасиз фойдаланиш вазиятни баттар оғирлаштиради. Шунинг учун ҳам энергия ресурсларидан, хусусан, табиий газдан тежамкор ва оқилона фойдаланиш ҳар биримиз учун муҳим вазифага айланмоқда.

Жорий йилда вилоятимизда 125 млн куб метр газ тежалиши мақсад қилинган. Хусусан, ижтимоий соҳа объектлари иситиш қозонларини кўмир ёқилғисига мослаштириш ҳисобига 3.212 млн метр куб, истеъмолчиларга замонавий ва энергия тежамкор газ жихозлари ва ёндиргичлар ўрнатилиши ҳисобига 15.888 млн метр куб, газ таъминоти тизимини 3 босқичлидан 2 босқичли таъминот тизимига ўтказиш ҳисобига 0.753 млн метр куб, ташкилий техник тадбирларни бажарилиши ҳисобига 105.115 млн метр куб газ иқтисод қилиниши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, хонадонлардаги 273 443 газ жиҳозларига техник ва профилактик хизмат кўрсатилади ҳамда 70 569 та ностандарт газ жиҳозлари замонавий энергиятежамкор газ жиҳозларига алмаштирилиши режалаштирилган.

“Шу кунга қадар, аҳоли истеъмолчилари орасида 28 434 та истеъмолчининг газ жиҳозлари тўла алмаштирилди, 35 516 та истеъмолчи хонадонидаги маънан эскирган газ жиҳозлари янгисига алмаштирилди, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Раҳматилло Темиров. - 125 та улгуржи истеъмолчининг газ жиҳозлари тўла янгиланган бўлса, 166 та улгуржи истеъмолчиларнинг маънан эскирган газ жиҳозлари янгисига алиштирилди. Шунингдек, 1 та йирик истеъмолчи янги газ жиҳозларини ўрнатди ҳамда 1 та истеъмолчи маънан эскирган жиҳозини замонавий газ жиҳозига алмаштирди. Кичик ва ўрта бизнес субъектларининг 163 нафари янги газ жиҳози билан таъминланди. 163 нафар истеъмолчининг маънан эскирган жиҳозлари янгисига алмаштирилди...”

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали мутахассислари томонидан жойларда ностандарт, қўлбола ва маънан эскирган газ жиҳозларини замонавийсига алиштириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда истеъмолчиларга амалий кўмак бериш жараёнлари давом этмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати