АНДИЖОНДА 29-31 ИЮЛЬ КУНЛАРИ II ДУНЁ САДОЛАРИ ХАЛҚАРО МИЛЛИЙ ЭСТРАДА САНЪАТИ ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТАДИ
12.07.2024 2184
II Дунё садолари халқаро миллий эстрада санъати фестивали президентимиз ташаббуси билан ташкил этилиб келинмоқда. Ҳозирда ҳудудда тадбирга тайёргарлик жараёнлари кетмоқда.
29 июль куни Хонобод шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида бунёд этилган асосий саҳна майдонида очилиш маросимлари бўлиб ўтади. Унда юртимиз ва дунё эстрадаси юлдузлари, элимиз суйган санъаткорлар томонидан концерт дастурлари ва чиқишлар намойиш этилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, очилиш маросимида Ҳамдам Собиров, Юлдуз Усмонова, Dianella (Қозоғистон) ва Jah Khalib (Қозоғистон) иштирок этиши режалаштирилган.
Тадбирнинг 2-куни, 30 июлдаги гала концерт ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, унда машҳур ҳонандалар Шоҳруххон, Megan (Бельгия) ва Jony (Озарбайжон) ўз чиқишлари билан фестивал меҳмонларининг диққат марказида бўладилар.
31 июль куни фестивални якунлаш тадбири ва гала концертлар бўлиб ўтади. Ушбу дастурда фестивал меҳмонлари Райхон, “Dj Sukhbir” (Ҳиндистон) ҳамда жаҳон юлдузи Инна (Руминия) иштирокидаги мусиқий чиқишларни намойиш этилади.
Тадбир доирасида бутун Хонобод шаҳри бўйлабкўргазмалар ва маданий дастурлар ташкил этилади. Жумладан, фестивал доирасида маданий-маърифий чиқишлар, театрлар ҳамда вилоятимиздаги энг моҳир ошпазларнинг маҳорати намоён этилган кўргазмалар меҳмонларга ҳавола этилади. Шаҳар бўйлаб ўзгача саёҳат қилиш истагида бўлган меҳмонлар учун ҳаво шари хизмати ташкил этилган.
Барча юртдошларимизни II Дунё садолари халқаро миллий эстрада санъати фестивалига таклиф этиб қоламиз!