Андижонда

Андижонда атоқли адиб хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди


18.08.2026   8

Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, адиб ва журналист Қамчибек Кенжа таваллудининг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда Тошкент, Фарғона ва вилоятимизда яшаб ижод қилаётган қалам соҳиблари, журналистлар ҳамда адибнинг оила аъзолари иштирок этдилар.


Анжуманни кириш сўзи билан очган вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Гулнорахон Исмоилова ёзувчининг мазкур муассаса билан узоқ йиллик ҳамкорлиги ҳақида тўхталиб, адиб асарлари китобхонларнинг қалб мулкига айланганини эътироф этди.

Андижон давлат университети профессори Иброҳимжон Асқаров, адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмон, ижодкорлар Олимжон Раҳимов, Шоҳруҳ Акбаров, Толибжон Юсуфжонов, Шукурулло Ҳайитохунов, Икромжон Аслий, Садоқат Неъматова ва бошқалар Қамчибек Кенжанинг инсоний фазилатлари, муҳаррирлик ва устозлик бобидаги жонкуярлиги ҳақида тўхталиб, ўз бағишловларини ўқиб бердилар.

Ёзувчи ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турсунбой Парпиев, вилоят мусиқали драма ва комедия театри санъаткорлари томонидан ижро этилган қўшиқлар кечага файз бағишлади.

Тадбир якунида адибнинг фарзандлари сўз олиб, ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдирдилар ва меҳмонларга оилавий эсдалик совғаларини ҳамда адибнинг баъзи асарларини туҳфа қилдилар.

Вилоят ахборот-кутубхона марказининг залида Қамчибек Кенжа асарлари 10 жилдлиги кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Хотира анжуманини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи олиб борди.



Эркинжон Умаров,
тадбир иштирокчиси, ижодкор-муаллим