Андижонда

Андижонда автомобилларга газ, бензин ва дизель тарқатиш шохобчаларида хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши бўйича йиғилиши ўтказилди


01.08.2025   136

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ, “Ўзенергоинспекция” Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Андижон вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда автомобилларга компрессор газ тўлдириш, суюлтирилган газ, бензин ва дизел ёқилғиси тарқатиш шохобчаларида сиғимларга газ ва ёқилғи қуйилиш жараёнида бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, ёнғин ва саноат хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи барча шохобчалар масъуллари иштирок этдилар.

Жорий йилнинг 19-июл куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 473-Ф-фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, мавжуд ёқилғи қуйиш, сақлаш ва тарқатиш иншоотлари ҳамда чакана савдо шохобчаларида юз бериши мумкин бўлган авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси ҳамда ушбу объектларни жойлаштиришда шаҳарсозлик нормаларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ва ушбу соҳадаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш кўзда тутилган. Фармойишга кўра, комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун мувофиқлаштирувчи Республика ишчи гуруҳи ҳамда Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг намунавий таркиби тасдиқланган.

Ўрганишларда ишчи гуруҳларга республика ҳудудларидаги мавжуд ёқилғи қуйиш, сақлаш ва тарқатиш иншоотлари ҳамда чакана савдо шохобчаларини жойларда хатловдан ўтказиш вазифаси юклатилди. Ушбу вазифага кўра объектлар муҳофаза ҳудудидаги мавжуд бино ва иншоотларнинг тасдиқланган бош режаси ҳамда шаҳарсозлик нормаларига риоя этилган ҳолда жойлашганини ўрганиш, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда лицензия талабларига риоя этилиши ҳамда юзага келиши мумкин бўлган йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мослиги бўйича чора-тадбирлари белгилаб берилди.

Йиғилиш давомида Ишчи гуруҳнинг масъулларга юқоридаги мавзудан келиб чиққан ҳолда ўрганишлар амалга оширилиши, ўрганиш якунлари бўйича аниқланган ноқонуний ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан аниқ таклифлар тайёрлаш ҳамда Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳга тақдим этилиши кўзда тутилганлиги бўйича маълумотлар берилди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати