Атрофга назар

АНДИЖОНДА БИРИНЧИ МУЗ САРОЙИ ОЧИЛДИ


21.07.2021   511

20 июль, сешанба куни Андижон шаҳрида 350 нафартомошабинни сиғдира оладиган, барча зарур инратузилма билан жиҳозланган, ҳам замонавий, ҳам миллий меъморчилик санъати ва илғор технологиялар анъаналарини ўзида мужассам этган ҳолда қад ростлган “ICE RINK O`zbegim” муз саройини фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.

Очилиши маросимида иштирок этган вилоят ҳоким Шуҳратбек Абдураҳмонов давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурган беш ижобий ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек вилоятда қишки спорт турларини оммавийлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, келгусида ушбу муз саройидан спортнинг хоккей ҳамда фигурали учиш йўналишлари Жаҳон ва Олимпия чемпионларини етишиб чиқишига ишонишини билдирди.

Қайд этиш лозим, “Marine Cinema” масъулияти чекланган жамияти томонидан икки йил давомида 17 миллиар сўмдан ортиқ маблағ эвазига бунёд этилган саройда 20х40 ўлчамдаги табиий муз қопламали спорт майдони, эркаклар ва аёллар учун фитнес зали, мажмуага ташриф буюрувчилар учун умумий овқатланиш маскани ҳамда “коньки” ижара маркази ҳам иш олиб боради. Шунингдек, аренада турли спорт тадбирлари, мусобақалар ва бошқа ижтимоий-кўнгилочар тадбирлар ўтказиш имконияти ҳам мавжуд.

Муз саройида бир вақтнинг ўзида 50 дан зиёд спортчи шуғуллана олиш имкониятига эга бўлиб, келгусида масканда фигурали учиш, хоккей каби қишки спорт турлари бўйича секциялар очиш учун режалаштирилган.

Очилиш маросимида пойтахтдан ташриф буюрган хоккей ва фигурали учиш усталарининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.