Андижонда

Андижонда энергия хавфсизлиги ва куз-қиш мавсумига тайёргарликка бағишланган семинар ўтказилди


19.12.2025   100

Андижонда аҳоли орасида электр энергиясини ва табиий газни иқтисод қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича кўргазмали амалий семинар ўтказилди.

Тадбирда республика ва вилоят прокуратураси мутасаддилари, тегишли корхона ва ташкилотлар мутахассислари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, йирик энергия истеъмолчилари ва аҳоли вакиллари иштирок этиб, мавсумий энергия хавфсизлиги ҳамда фуқароларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, энергия манбаларидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Семинарда вилоятда электр энергия ва табиий газни иқтисод қилиш, энерготежамкор ускуналарни кенг жорий қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларини қиш мавсумига шай ҳолатга келтириш, мавсум давомида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тадбирларини янада самарали ташкил этиш ҳамда барча зарурий чораларни кўриш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, аҳоли учун хавфсиз ва узлуксиз энергия таъминотини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Йиғилганларга табиий ва суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш, табиий ресурсларни иқтисод қилган ҳолда сарфлаш, энергиятежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш ва уларнинг афзалликлари ҳақида тушунчалар берилди

“...Истеъмолчиларимиз учун энергия тежамкор ёндиргичларнинг афзал томонлари кўп, — дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Хуршидбек Қодиров. — Масалан, у хавфсиз ҳисобланади, яъни босим пасайиб-кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади. Ҳозир аҳоли хонадонларида газ таъминоти бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирларимизда бу ҳақида тушунчалар берилмоқда...”

Тадбир якунида аҳолига энергия ресурсларидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш бўйича тушунчалар берилиб, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати