Андижонда гандбол мусобақаларининг республика босқичи ўтказилади
30.10.2024 28
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси, вилоят Миллий гвардия бошқармаси, ОАВ вакиллари ҳамда бошқа тегишли мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” мусобақаларининг Андижонда ўтказилиши белгиланган республика босқичига тайёргарлик кўриш, спортчи ва меҳмонларни кутиб олиш, беллашувларни ташкил этиш масалалари юзасидан келишиб олинди. Ёш гандболчилар жойлаштириладиган меҳмонхона, мусобақалар ўтказиладиган Универсал спорт мажмуасида ташкил этиладиган мазкур спорт тадбирига масъул штаб, матбуот, тиббиёт, хавфсизлик штаблари фаолияти бўйича ҳам тегишли вазифалар берилди.
- Спортнинг гандбол тури бўйича маҳаллалардаги 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ташкиллаштирилган саралаш мусобақаларининг ҳудудий босқичлари 10-18 октябрь кунлари якунланди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Улуғбек Қобилжонов. – Вилоятимизда 3-6 ноябрь кунлари ўтказиладиган республика финал босқичида 14 та вилоятдан спортчилар кутиб олинади. Ўзбекистон Гандбол федерациясининг қоидаларига мувофиқ бўлиб ўтадиган ушбу спорт мусобақаси ёшларни соғлом турмуш тарзи сари етаклаш ва улар орасидан иқтидорли спортчиларни аниқлашга қаратилган бўлиб, ўз маҳаллалари номидан иштирок этиш имкониятини тақдим этмоқда. Қайд этиш керак, “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида ташкил этилган мазкур мусобақаларнинг маҳалла босқичида вилоятимизда 16 мингдан зиёд спортчилар қатнашган бўлса, сектор босқичларида 1 минг 280 нафар ёш фаол иштирок этди.
Туман ва шаҳар босқичларида сараланган 640 нафар гандболчилардан 160 нафари вилоят босқичигача етиб келди. Вилоят босқичи эса республикада Андижон номини ҳимоя қиладиган спортчиларни аниқлаб берди. Қўрғонтепа туманининг Обод турмуш маҳалласи жамоаси эндиликда вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади.
Зилола РАҲМОНОВА.